Моё меню Общее меню Сообщество Правила форума Все прочитано
Вернуться   uForum.uz > ТЕМАТИЧЕСКИЕ ФОРУМЫ > Образование > ZiyoNET
Сообщения за день Поиск
Знаете ли Вы, что ...
...до того как открыть новую тему, стоит использовать поиск: такая тема уже может существовать.
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >>

ZiyoNET Общественная образовательная сеть ZiyoNET


Ответить

 
Опции темы Опции просмотра
Старый 05.05.2012 22:57   #1  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Ичкиликбозлик ва ушбу иллатга доир фикр-мулоҳазалар

Мазкур мавзуда ичкиликбозликка доир айрим фикр-мулоҳазалар билан ўртоқлашмоқчиман. Фикримча, улардан ичкиликбозликка қарши олиб борилаётган таълим-тарбия ва тушунтириш ишлари давомида фойдаланса бўлади.
Мавзу саҳифаларида нарколог-мутахассислар, психологлар, жамиятшунослар, юристлар, шунингдек, ичкиликбозлик таъсиридан турли сабаблар туфайли жабр кўраётганлар ҳамда даволаниб, спиртли ичимликларсиз яшашни ўргана билган собиқ пиёнисталар ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб боришса ёки уларнинг фикрларини форумдошларимиз бизга етказса, спиртли ичимликларни суиистеъмол қилиш ҳолатларидан жамиятимизни холи қилиш жараёнларига самарали ҳисса қўшишган бўлишар эди, деб ўйлайман.

Очиғини айтишим керакки, ўзим ҳам онда-сонда, баҳона-ю, сабаб топилганида ичиб тураман. Қуролдош дўстлар ёки форумдошлардан бирортаси ёхуд бирор-бир гуруҳи таклиф қилса, имкон қадар рад этмай, даврага қўшиламан ва табиийки, ўзаро мулоқотни енгиллатиш, йўлга қўйилаётган муносабатларни кўнгилли муҳитга айлантириш мақсадида отинг қурғур арақни қиттай-қиттай уриб бораман, бироқ шуни биламан-ки, ичкиликбозлик олиб келадиган ижтимоий хавфли оқибатлардан бири – жиноятчиликдир. Зеро, ичкиликбозлик билан жиноят ўртасида машъум алоқа бўлиши муқаррар. Зотан, рўй бераётган қонунбузарлик сабаблари, содир этилишининг шарт-шароитлари юртимиз тадқиқотчилари ва хорижлик мутахассислар томонидан батафсил ўрганиб чиқилган. Ғайриқонуний хатти-ҳаракатлар аксарият ҳолларда маст ҳолатда амалга оширилгани кузатилади. Негаки, олинган маълумотларга қараганда, бундай ҳолатларнинг 96 фоизи, одатда, маст кишилар томонидан содир этилади. Шунингдек, ичкиликбозлик кўпинча турли кўринишда юзага келадиган можаро, низо ва ёқалашиш ҳолатларига сабаб бўлади.
Спиртли ичимликларнинг истеъмол қилиниши инсон организмига бевосита салбий таъсир кўрсатиши билан бир қаторда, кишининг оқилона эҳтиёжлари намоён бўлиши, ўз зиммасидаги ижтимоий вазифалар, тегишли хатти-ҳаракатларни бажара олишига халал берган тарзда меҳнат қилиши, дам олиши, овқатланиши, бошқалар билан мулоқот қилишига ҳам салбий таъсир ўтказади.

ИЧКИЛИКБОЗЛИК ТУШУНЧАСИГА БЕРИЛГАН ТАЪРИФ

Ичкиликбозлик – ниҳоятда мураккаб ижтимоий ҳодиса сифатида эътироф этилади. Аҳолининг турли-туман табақалари, ҳар хил касб соҳиблари, турлича ижтимоий мавқе ва моддий етарлилик даражасига эга, ўқимишли, саводсиз, ҳар хил ёш ва жинсга мансуб одамлар орасида спиртли ичимлик истеъмол қилишга барқарор мойиллик мавжудлиги, мулоҳаза юритилаётган ижтимоий ҳодисанинг мураккаблиги ва ранго-ранг кўринишларда намоён бўлишидан далолат беради.
Ичкиликбозлик термини спиртли ичимликларни суиистеъмол қилишнинг инсон соғлиги, хулқ-атвори, лаёқати ва бошқалар билан мулоқот қилишига салбий таъсир ўтказадиган барча ҳолатларни ўз ичига мужассам этади.
Сурункали ичкиликбозлик тушунчасига тиббиёт нуқтаи назаридан талқин бериладиган бўлса, ушбу ҳолат спиртли ичимликларни тез-тез ва ҳаддан ортиқ кўп миқдорда истеъмол қилиш туфайли пайдо бўлиб, араққа патологик жиҳатдан ружу қўйиш, яъни касаллик аломати каби кечадиган сурункали хасталикни англатади. Бундай одат кишининг соғлиги, кундалик ҳаёти, меҳнат фаолияти, умуман айтганда, халқ фаровонлигига салбий таъсир ўтказмай қўймайди, албатта.
Спиртли ичимлик жамиятимиз ҳаётига ижтимоий анъаналар, аксарият ҳолларда, расмий тадбирлар ва байрамларнинг элементи сифатида кириб келиб, мустаҳкам ўрнашиб қолди ва таассуфки, вақт ўтказиш усулларининг, айримлар учун эса мавжуд муаммоларни ҳал этишнинг ўзига хос воситасига айланиб қолди.
Аҳолининг аксарият қисми спиртли ичимлик истеъмол қилишни жамиятда жорий этилган, инсонлар орасидаги ўзаро муносабат меъёрлари ва қоидаларига зид қиладиган хулқ-атвор шаклларидан бири сифатида эътироф этмайди. Спиртли ичимликнинг истеъмол қилиниши оммавий онгда ҳаёт тарзининг кундалик аломати, маиший маданиятнинг дахл этилмайдиган қисми сифатида гавдаланади. Шундай экан, спиртли ичимликларнинг ўртамиёна истеъмол қилинишини инсон хулқининг оғиши (девиант кечиши) сифатида кўриш ярамайди.
Спиртли ичимлик ичадиганларнинг хулқ-атвори, ушбу хулқ-атвор атрофдаги одамлар манфаатларига дахл қилган, ахлоқ ва ҳуқуқ меъёрларига зид келган, яъни спиртли ичимликнинг истеъмол қилиниши ичкиликбозлик тушунчаси билан уйғунлашадиган суиистеъмолга айланган ҳолларда салбий оғиш шаклини касб этади. Соҳа мутахассисларининг фикрича, Ер куррасида яшайдиган катта ёшли одамлар орасидаги ҳар ўнинчи киши спиртли ичимликларни суиистеъмол қилар экан. Ўз навбатида, спиртли ичимликларни мунтазам истеъмол қиладиган одамларнинг 6-7 фоизи, Бутун жаҳон соғликни сақлаш ташкилотининг хулосаларига қараганда пиёнистага айланиб қолади. Демакки, инсон хулқининг айнан шу шаклда оғиши (девиант кечиши) оммавий бўлгани боис, жамият учун хавфли саналади.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Старый 05.05.2012 23:01   #2  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Сурункали ичкиликбозлик кишининг спиртли ичимликка жисмонан ва руҳан боғланиб қолиши, психологик ва ижтимоий жиҳатдан тубанликка юз тутиши, ички аъзолари, организмидаги модда алмашинуви, марказий ва ташқи асаб тизими фаолиятида жиддий патология кузатилиши билан намоён бўлади. Бундай ҳолатда психологик нуқтаи назардан қаралиб таъриф бериладиган бўлса, ичкиликбозлик – руҳан ва маънан таназзулга юз тутган шахслар учун ўзига хос дунёқараш, муайян ҳаёт тарзи, қолаверса, қадриятлар тизимидир.
Спиртли ичимликнинг анъанавий тарзда меъёрида истеъмол қилиниши ташқи томондан минг «хавфсиз» кўринмасин, арақ ичишдан бош тортмайдиган одамларнинг маълум қисми орасида, жамият ҳаётида муайян вазият юзага келган ҳолатда одатий пиёнисталик шаклланишига замин бўлади. Асосий эҳтиёжларни қаноатлантириш учун хизмат қиладиган ижтимоий мақбул восита ва усуллар талаб даражасида ривожланмагани, устига устак айримларнинг бундай воситалардан фойдаланиш кўникмалари мутлақо шаклланмагани юқорида зикр этилган салбий одатнинг пайдо бўлишига омил бўлиб, ўзга, яъни эришиш нисбатан осон кечадиган воситага, у ҳам бўлса, араққа мурожаат қилишга даъват этади.
Одамлар спиртли ичимликни лаззатланиш, ҳузур-ҳаловат кўриш, кайфият кўтариш, руҳий зўриқиш ёки толиқиш таъсири ёхуд қаноатланмаслик ҳиссини сусайтириш, ўзаро мулоқотни енгиллатиш, йўлга қўйилаётган муносабатларни кўнгилли муҳитга айлантириш каби мақсадларда истеъмол қиладилар. Гарчи, спиртнинг асаб тизимига заҳарли таъсири остида юзага келадиган бундай ҳис-туйғулар қисқа вақт кечиб, хаёлий, сохта бўлса-да, енгилгина мастлик даражаси субъектив жиҳатдан ёқимли кечиб, аксарият одамлар томонидан ижобий баҳоланади. Арақнинг айнан мана шундай таъсир ўтказадиган жозибаси – одамларнинг спиртли ичимликка интилиши учун қудратли психологик пойдевор сифатида хизмат қилади.
Пиёнисталик – спиртли ичимликларнинг узоқ вақт давомида мунтазам ёки ҳар бир ҳолат мастлик кўринишида ифодаланадиган онда-сонда истеъмол қилинишидир. Гангиган ҳолатга келиш истаги аксарият ҳолатларда сархуш ичимлик ичишнинг бош сабаби саналади. Пиёнисталик жамиятимизга солинадиган хавф, бошга тушадиган офат саналади. Арақхўрлар бахтсиз ҳодисаларга бошқаларга нисбатан кўпроқ дучор бўлишади. Кундалик ҳаётда ҳамда кўча-кўйда олинган жароҳатларнинг аксарияти жабрланувчининг мастлиги билан бевосита боғлиқ бўлмоқда. Ишлаб чиқариш жараёни, меҳнат фаолиятининг мароми издан чиқишига, корхона жиҳозларининг бекор туриши, маҳсулотларнинг бракка чиқарилиши ва охир-пировардида йирик миқдорда зарар етишига айнан спиртли ичимликлар сабаб бўлаётгани эътироф этилган.
Тиббиёт мутахассисларининг фикрича ичкиликбозлик – маънавий бузуқлик ҳосиласи бўлиб, касаллик тури сифатида тан олинмайди. Бироқ спиртли ичимликдан заҳарланган организм борган сари турли функционал ва органик ўзгаришларга дучор бўлиб, унда спирт таъсири билан боғлиқ касаллик ривож топа бошлайди.
Организмга таъсир ўтказишига кўра, спиртли ичимлик ичган одамнинг биринчи навбатда асаб тизими заҳарланади, бош мия ҳамда орқа мия ҳужайралари тикланиб бўлмайдиган даражада ўзгаради. Бу эса ўз навбатида, ички аъзоларнинг меъёрий иш фаолияти бузилишига олиб келиб, ошқозон, ошқозон ости бези, жигар, юрак-қон томир тизими, нафас йўллари, ички секреция безлари, буйрак ва бошқа органларнинг касалланишига сабаб бўлади. Спиртли ичимликларни мунтазам суиистеъмол қиладиган одамлар орасида ўлим ҳолатлари, арақ ичмайдиган одамлар орасидаги ўлим ҳолатларига нисбатан деярли икки чандон кўп бўлиши расман қайд этилган.
Спиртли ичимликларни суиистеъмол қилиб юрадиган инсон умри бошқаларга нисбатан 15-20 йилга қисқаради. Спирт заҳридан аксарият ҳолларда жигар, юрак ва мия касалланади. Юрак мушаклари (миокард) инфаркти ҳолатларининг 40 фоизи айнан спиртли ичимликларни суиистеъмол қилиш сабабли юз беради.
Олиб борилган махсус текширувлар шуни кўрсатмоқдаки, спиртли ичимликнинг истеъмол қилинган атиги 30-50 грамми кундалик фаолият ёки хизмат мажбуриятини ижро этиш давомида йўл қўйиладиган хатолар миқдори 3-4 баробар ошишига сабаб бўлади. Спиртли ичимликнинг 100-150 грамми эса кишининг ақлий фаолиятини 15-25 фоизга сустлаштиради. Унинг бундай ҳолати, одатда, икки суткага қадар сақланиб қолади. Маълумки, арақнинг истеъмол қилинган 60-100 грамми кишининг эшитиш ва кўриш қобилиятини 50 фоизга сустлаштиради. Табиийки, бундай ҳолат бахтсиз ҳодиса ёки авария билан якун топади.
Ичкиликбозликка берилган одамларда, аксарият ҳолларда жисмонан ва ақлан заиф бола туғилиб, бу билан улар миллатнинг соғлом келажагига сезиларли даражада путур етказади. Шундай экан, ичкиликбозликка берилган шахс нафақат ўзининг, балки жамият, миллатнинг ҳам соғлигига салбий таъсир ўтказади.
Маст кишида ташқи таъсирларни идрок этиш қобилияти қийинлашиб, аниқлиги сустлашади, бошқаларнинг фикрига қулоқ солмай, ўз нутқи, хатти-ҳаракатлари тўғрилигини назорат қилмай қўяди. Организмдаги спирт кишининг атрофда рўй бераётган ҳодисаларга нисбатан асабий-руҳий муносабат билдиришини сустлаштиради. Бу эса ўз навбатида, мураккаб вазиятдан зудлик билан чиқиш йўлини топиш талаб этиладиган ихтисосликка эга киши ва унинг атрофидаги одамлар ҳаётига нисбатан жиддий хавф туғдиради.
Спиртли ичимликлар, ёш кишига ҳалокатли таъсир ўтказади. Соҳага оид тадқиқотларнинг кўрсатишича, ўсмирлик ёшида спиртли ичимликларни истеъмол қилишга бўлган турғун мойиллик катта ёшдаги кишиларга нисбатан 8 баробар шаклланар, ўсмирнинг хулқ-атвори бузилиб, табиатан тажовузкор бўлиб қолишига олиб келар экан. Арақхўр йигит ёки қизнинг хулқ-атвори тарбия субъектлари томонидан идора қилиб бўлмайдиган, хатти-ҳаракатларини олдиндан кўра билиш қийин кечадиган бўлиб қолади. Биринчи навбатда, унинг ўзини тута билиш, боадаблик, шахсий тилак ва истакларини жамият талабларига мослаштириш фазилатлари барҳам топиб, қўрслик, умумэътироф этилган хулқ-атвор ва ахлоқ меъёрларини менсимаслик сифатлари ривожланади. Спиртли ичимликка касалдай ружу қўйиш аломатлари аксарият ҳолларда, бундай ичимликларни мунтазам ва тез-тез истеъмол қилинганда шаклланади.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
"+" от:
Старый 05.05.2012 23:05   #3  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
ИЧКИЛИКБОЗЛИК ҲОЛАТИНИНГ КЕЛИБ ЧИҚИШИГА ДОИР ИЛМИЙ НАЗАРИЯЛАР

Бугунги кунга келиб, ичкиликбозлик ҳолатининг келиб чиқишини шарҳлашга қаратилган турли-туман назариялар мавжуд. Ушбу назарияларнинг бир гуруҳи ичкиликбозликнинг физиологик омиллари, иккинчи гуруҳи психологик, учинчи гуруҳи эса ижтимоий омиллари устун келишини эътироф этмоқда. Мулоҳаза юритилаётган илмий назарияларнинг асосий гуруҳларини кўриб чиқамиз.
1. Ичкиликбозлик ҳолатини келтириб чиқарадиган физиологик омиллар инсоннинг арақхўр бўлишига, биринчидан, кишининг психофизиологик конституцияси «спиртли ичимликларга мойил бўлиши», иккинчидан эса насли «спиртли ичимликлар билан малол келтирилгани»ни ўз ичига мужассам этади.
Ҳақ эканликларига исбот тариқасида бундай мулоҳаза тарафдорлари соҳага оид тадқиқот натижаларини тақдим этишган. Ушбу тадқиқот хулосаларига қараганда, ичкиликбозликка берилган кишиларнинг фарзандлари пиёнисталикка спиртли ичимликлар ичмайдиган одамларнинг фарзандларига нисбатан кўпроқ мойил бўлишар (ўзбекнинг таъбири билан айтганда: қуш ўз инида кўрганини қилар) экан.
2. Ичкиликбозликни келтириб чиқарадиган психологик омиллар мазмунан, инсон спиртли ичимликдан у ёки бу ижтимоий гуруҳга психологик жиҳатдан мослашиш борасида бошдан кечираётган муаммоларини ҳал этиш учун ўзига хос ўрин қоплаш воситаси сифатида фойдаланишидан иборатдир. Айни вақтда, турли илмий йўналиш вакиллари мулоҳаза юритилаётган муаммони ўз нуқтаи назаридан талқин қилишмоқда.
Жумладан, шахс назарияси тарафдорлари инсоннинг келгусида ичкиликбоз бўлиб кетишига замин яратадиган шарт-шароитлардан бири – киши табиатида мавжуд муайян шахсий хусусиятларга шама қилишмоқда. Уларнинг фикрига қараганда, ичкиликбозликка бошқаларга нисбатан кўпроқ мойил бўлиб қоладиган шахсларнинг қуйида санаб ўтилган тўртта тоифаси бор экан:
ўзига ҳаддан ортиқ баҳо бериб, танқидга бардош бера олмайдиган шахс;
нафрат туйғуси осон шаклланадиган, табиатан тажовузкор, салбий тасаввур доираси кенг, шафқатсиз шахс;
асабий муносабат билдиришга мойил, нўноқ, доимо бировнинг ёрдамига эҳтиёж сезиб юрадиган шахс;
табиатан депрессив (руҳан сиқиладиган), паранойя касаллигига йўлиққан «ғалати» шахс.
3. Ичкиликбозлик ҳолатини келтириб чиқарадиган ижтимоий омиллар мазмунан, спиртли ичимлик ижтимоий маданият ҳосиласи, ичкиликбозлик эса шахснинг «спиртли ичимликларга мойил» муҳитга мослашишининг оқибати, деб тасаввур этишига асосланади.
Тадқиқотлардан бирининг натижасига кўра, одамлар қуйидаги сабабларга кўра спиртли ичимликларни истеъмол қилиши маълум бўлган:
атрофдаги кишилар (қозонга яқин юрсанг қораси юқар тамойилининг) таъсири оқибатида;
ишдаги нохушликлар;
оилавий муаммоларга жавобан ичиш;
нишонланадиган саналар, байрам кунлари ва жамиятда эътироф этилган бошқа турдаги анъаналар сабабли.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
"+" от:
Старый 05.05.2012 23:10   #4  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Арақхўр бўлиб қолиш механизми

Инсон арақхўр бўлиб қолишининг ўзига хос механизми соҳа олимлари томонидан аниқланган. Ушбу механизм ўз ичига қуйидаги элементларни мужассам этади:
1. Спиртли ичимлик истеъмол қилса, инсон ўзи учун аллақандай муҳим эҳтиёж қаноатланганини, хусусан, хавфсиз бўлиб қолгани, атрофдаги одамлар ҳурматини қозонгани, ўзини ўзи ҳам ҳурмат қила бошлаганини ҳис этади. Бошқача йўл тутса, онгида гўё зикр этилган қаноат ҳосил бўлмаслик тасаввури туғилади.
2. Ижобий ҳис-туйғулар-ла кечадиган долзарб эҳтиёж қаноатланганига ишонч ҳосил қилиниши.
3. Модомики, кишининг ижобий ҳис-туйғуларни юқорида зикр этилган тарзда бошдан кечиришга интилишлари кучли бўлар экан, унинг онгида бундай туйғуларни худди шу тарзда яна ва яна бошдан кечириш кераклигига оид фикр шаклланади. Бундай фикрлар негизида эса ўз навбатида, спиртли ичимликларга психологик боғланиб қолиш ҳолати юзага келади.
4. Спиртли ичимликларнинг мунтазам истеъмол қилиниши, ушбу ичимликлар инсон организмида кечадиган ҳаётий биокимёвий жараёнлар билан уйғунлашиб кетиши, киши ҳаётининг ажралмас қисмига айланиши, аниқроқ айтиладиган бўлса, инсон ҳаёти спиртли ичимликларга боғланиб қолишига олиб келади.

Ичкиликбозликнинг таснифланиши

Ичкиликбозликни таснифлаш масаласига бир нечта ёндашувлар мавжуд. Улардан бирида ичкиликбоз бўлиб қолишнинг қуйида санаб ўтилган иккита поғонаси таъкидлаб ўтилган:
1. Спиртли ичимликларнинг ҳар замонда бир истеъмол қилиниши. Ушбу поғона спиртли ичимликка биологик жиҳатдан бардош бера олмайдиган ёки бундай ичимликлар истеъмолига руҳан қаршилик кўрсатиб, тасодифан, атрофдаги кишилар таъсири остида ичадиган, ичган билан қаноатланиш ҳосил қилмайдиган шахслар табиатига хос бўлади.
2. Спиртли ичимликларни суиистеъмол қилиш, хусусан, бундай ичимликларни бир ҳафтада бир ва ундан ортиқ маротаба, миқдори сезиларли (200 граммдан ортиқ) дозаларда истеъмол қилиш.
Ичкиликбоз бўлиб қолиш – спиртли ичимлик истеъмолига енгиб бўлмас даражада патологик интилиш билан тавсифланадиган сурункали касалликдир. Бундай касалликнинг ривожланиш жараёни қуйидаги учта босқичга бўлинади:
биринчи босқичда спиртли ичимлик истеъмоли – инсон хулқи ва ҳаёт тарзининг мазмуни намоён бўлишининг асосий сабабига айланади;
иккинчи босқичда касалликнинг биологик механизмлари ишга тушади, яъни кайфи тарқаган инсон яна ичиш иштиёқида бўлади ва бу билан унинг маънавий қиёфаси таназзулга юз тутиши рўй беради;
учинчи босқичда спиртли ичимликка бўлган эҳтиёж инсон учун овқат, уйқу, хавфсизликка бўлган эҳтиёж даражасига кўтарилади, яъни у, ўз ҳаётини спиртли ичимликсиз тасаввур қила олмайди.
Ичкиликбозликнинг юқорида зикр этилган сўнгги босқичида спиртли ичимлик истеъмол қилиш учун ҳар қандай важ жиддий сабабга айланади. Спиртли ичимлик «мардлик учун», «чарчоқни енгиш учун», «ба нияти шифо», «уйқуга тўйиш мақсадида», «аламдан», янги харид қилинган нарса ёки дўстлар ва оила аъзоларининг ижтимоий мавқеларида юз берган ўзгаришларни «ювиш учун», шунингдек, сон-саноқсиз саналар, юбилейлар ва шу кабиларни нишонлаш учун истеъмол қилинаверади.
Вақт ўтган сари пиёнисталик қилиш сабабларининг сони ортиб бораверади. Спиртли ичимликларни истеъмол қилишга муккасидан кетган шахслар онгида кўплаб далиллардан иборат, ўзини оқлаб кўрсатишга йўналган мустаҳкам тизим – қудратли психологик ҳимоя тизими шаклланади, онгнинг спиртли ичимликка мутелиги юзага келади, охир-пировардида спиртли ичимлик ҳаётий мақсад, энг олий қадрият, ҳаёт мазмунига айланади. Айни вақтда, ичкиликбоз онгида спиртли ичимликни ҳар қандай фурсатда рад эта олишига қодир эканлигига бўлган комил ишонч мустаҳкамланиб бораверади.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
"+" от:
Старый 05.05.2012 23:12   #5  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Асосий ижтимоий-иқтисодий сабаблар

Пиёнисталикка олиб келадиган асосий ижтимоий-иқтисодий сабаблар жумласига:
киши онгида психологик зўриқишдан халос бўлиш, яъни реал воқелик, кундалик муаммолар, нохушлик ва қийинчиликлар ҳақида ўйлашни истамаслик эҳтиёжини келтириб чиқарадиган ноқулай ҳаётий шарт-шароитлар;
кўтаринки кайфият туйғусини ҳис этиш, руҳан енгил тортиш истаги;
спиртли ичимлик истеъмол қилиш анъаналари, урф-одатларнинг кенг тус олганлиги, аҳолининг спиртли ичимлик истеъмолига муроса ила қараши;
бўш вақтни ўтказиш маданияти тўғри йўлга солинмагани, шу жумладан, одамлар бўш вақтини тўғри ўтказишлари учун мўлжалланган моддий базанинг суст ривожланганлиги;
спиртли ичимликларни ишлаб чиқариш ва сотиш ҳажмининг ошиши, оммавий ахборот воситалари орқали спиртли ичимликлар реклама қилиниши, уларни харид қилиш масаласида ҳеч қандай тўсқинлик ва чекловлар йўқлиги киради.

Автомототранспорт воситаси соҳибига алоҳида эслатма

Маст ҳолатнинг дастлабки палласида ҳайдовчи томонидан йўл қўйиладиган хатоликлар эҳтимоли ошади. Негаки, бундай ҳолатда ҳайдовчи ўз имкони, шу жумладан, ўзи бошқарадиган автомобиль транспортининг техник имконига ҳаддан ортиқ баҳо беришга мойил бўлиб, ўзини куч-ғайратга тўлиб-тошган, «тоғни уриб, толқон қилиб юборишга» қодир, «денгиз чуқурлиги жа бўлса, тиззасига етадигандай» ҳис этади, хатти-ҳаракатлари жадал кечиб, толиққанлик ҳисси барҳам топади. Аҳволи зўр, кайфияти аъло бўлгани боис, янглишаётганини, одатда, идрок этмайди. Бироқ баён этилган ҳолатда ҳайдовчининг ҳаракатчанлик фаолияти эмас балки вазиятга тўғри баҳо бериб, оқилона қарор қабул қилиш қобилияти спиртли ичимлик таъсир ўтказадиган объектга, демакки, ҳайдовчи учун муҳим саналган ушбу сифатлар арақнинг илк қурбонига айланади.
Маст ҳолатнинг кейинги палласида вазиятнинг хавфлилик даражасига етарлича баҳо бермаслик билан боғлиқ хатолар фоизи сезиларли даражада ортади. Негаки, арақ энди ҳайдовчининг юзага келаётган хавфни тўғри англаб, идрок этиш сифатларига салбий таъсир ўтказа бошлайди. Кўриш, қоронғиликдаги шарпани илғаш қобилияти кескин заифлашиб, диққат-эътибор кўлами торайиб боради.
Ҳайдовчининг ҳаракат тезлиги, ғовга қадар қолган масофа ва атрофда юз бераётган ҳолатни англаб, дарҳол муносабат билдиришга сарф этадиган вақти аксарият ҳолларда тегишли ахборотни идрок этиб, қайта ишлаш қобилиятига боғлиқдир. Унинг бундай қобилиятини яхшилаш чораси деярли йўқ, бироқ арақ воситасида барҳам топтириш чўт эмас. Зеро, спиртли ичимликнинг арзимас дозаси ҳам мулоҳаза юритилаётган қобилиятнинг деярли икки чандон заифлашишига сабаб бўлади. Бу эса ҳайдовчи идрок этиши шарт бўлган ахборотнинг ярми ўтказиб юборилишини англатади.
Спиртли ичимликни узоқ вақт давомида истеъмол қилиб келиниши кишининг сержаҳл бўлиб қолиши, ишчанлик қобилияти ёмонлашишига олиб келади, меъёрий-руҳий физиологик ва шу каби бошқа ҳолатларнинг тикланиш жараёни тўхтаб қолади. Ўзини шундай даражага етказиб қўйган ҳайдовчиларнинг деярли 70 фоизида тунги уйқу кундуз кунги толиқиш ҳолатига барҳам бермай қўйиб, оқибатда улар автомобиль транспортини бошқариш ишининг илк соатларидаёқ ишчанлик қобилияти заифлашганини сеза бошлашади.
Маст ҳайдовчи толиққан ёки соғлиги ёмонлашган ҳайдовчига нисбатан хавфлидир. Негаки, толиққан ёки соғлиги ёмонлашган ҳайдовчи имконияти чекланиб қолганини ҳис этиб, эҳтиёткорона иш кўради.
Автомобиль транспортининг маст ҳолатда бошқарилиши – йўл-транспорт ҳодисалари содир этилишининг асосий сабабларидан бири саналади. Ҳар йили рўй бериб бораётган йўл-транспорт ҳодисаларининг 20 фоизи маст ҳайдовчилар томонидан Йўл ҳаракати қоидалари бузилиши оқибатида содир бўлиб келмоқда. Сўнгги йилларда автомобиль транспортини маст ҳолатда бошқарган ҳайдовчилар сони 3-4 баробар ошиб кетгани ҳар қандай соғлом фикрли кишини ташвишга солмай қўймайди.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
"+" от:
Старый 05.05.2012 23:17   #6  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Спиртли ичимликларни суиистеъмол қилиш ҳолатларидан жамиятни холи қилиш тамойиллари

Инсоннинг, ҳатто руҳан ноқулайлик ҳис этмаган ёки спиртли ичимлик истеъмол қилишга ички эҳтиёжи бўлмаган ҳолатда ҳам, кишини арақ ичишга мажбур қиладиган кўп сонли анъана ва удумлар кундалик ҳаётимизда илдиз отиб бораётгани одамларнинг спиртли ичимликка оммавий равишда қизиқиш билдиришига сабаб бўлади. Спиртли ичимлик истеъмолига мажбурий меъёрдай қаралиши ва бундай муносабат оммавий психологияда устувор бўлиб қолиши, ушбу меъёр ижтимоий жиҳатдан мақбул тус касб этиб, бузилиши эса унга амал қилмаган «бузғунчи»га нисбатан маънавий чоралар кўрилишига олиб келади.
Жамиятимизни спиртли ичимликларни суиистеъмол қилиш ҳолатларидан холи қилиш жараёнларини самарали бошқаришнинг зарурий шарти – бир қатор тамойилларга мажбурий равишда амал қилиш саналади. Ушбу тамойиллар жумласига:
спиртли ичимликлардан холи бўлиш жараёнига комплекс равишда ёндашиш тамойили;
турли поғоналарда бир вақтнинг ўзида ўтказиладиган профилактик таъсирнинг турли восита ва усулларидан фойдаланишни тақозо этадиган ичкиликбозликка қарши профилактик саъй-ҳаракатларни ташкиллаштириш ишларини муайян тизимга солиш тамойили;
профилактик ишлар киши табиатининг ўзига хос хусусиятлари ва спиртли ичимликларга ружу қўядиган мансабдор шахсларнинг хизмат поғоналари инобатга олинган тарзда олиб борилишини тақозо этадиган жамиятни табақаларга бўлиб ёндашиш тамойили;
ичкиликбозлик аломатларига қарши кураш тадбирлари жамоатчилик томонидан фаол ва онгли равишда қўллаб-қувватланишини таъминлаш тамойили;
спиртли ичимликларнинг суиистеъмол қилиниши инсон тақдири, саломатлиги ва фаровон ҳаётига кўрсатадиган ҳалокатли таъсири, шунингдек, аёл киши, айниқса, ҳомиладор ва бола эмиздирадиган аёл учун пиёнисталик қандай оқибатлар билан якун топишини очиқ-ойдин кўрсатиб бериш йўли орқали одамлар, айниқса, ёшларни спиртли ичимликларнинг зарарли хусусиятлари ҳақида илмий асосланган маълумотлар билан таништириб бориш тамойили;
оммавий психологияга спиртли ичимликни меъёрида истеъмол қилиш, суиистеъмол қилишдан тийилиш борасида барқарор қарашларни сингдириш тамойили;
жисмонан ва маънан соғлом бўлиш, жисмоний тарбия ва спорт билан фаол шуғулланишни устувор билиш, оилавий муносабатларга ҳурмат ила қараб, яхши оилапарвар бўлиш каби спиртли ичимликларни истеъмол қилиш одатига муқобил бўладиган, ижтимоий жиҳатдан мақбул келадиган, жамият ҳаётида соғлом ҳаёт тарзи мустаҳкам ўрнашиб қолишига омил бўладиган инсоний қадриятларни тарғиб қилиб, жамики имкониятларни ишга солган тарзда удум қилишга эришиш тамойили киради.

Эътиборингиз учун раҳмат, фикр-мулоҳазалар бўлса, марҳамат!
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
"+" от:
Старый 06.05.2012 07:22   #7  
Real ID Group
Аватар для Tulqin Eshbekov
Оффлайн
доцент, журналист
AKA:Тулкин Эшбек
Сообщений: 3,332
+ 2,150  1,466/1,079
– 187  580/281

Uzbekistan
Бир кашфиётчи шунақа "ароқ" кашф этибди: бир қултум ичсангиз бас, қайтиб ҳеч қачон оғзингизга ололмас экансиз... Синов жуда яхши ўтганмиш, ундан татиб кўрганлар ҳатто шишасини кўрса ҳам қалтираб қолар, ортига шарт бурилиб, урра қочаркан!
Ответить 
"+" от:
Реклама и уведомления
Старый 07.05.2012 00:15   #8  
Аватар для Fahrulla
Оффлайн
РНЦЭМП
нейрохирург
Сообщений: 80
+ 25  41/23
– 0  2/2

UzbekistanМой мир
Шокир ака блог учун рахмат. Яхши уйлапсиз. Илтимос фикрларни кискарок, бир-неча катор килиб ёзсангиз яхши буларди.
Ичкиликбозликнинг давоси деярли йук, бу одамнинг узи "йикилиб тушган жарлиги- ундан факат узи ирода билангина чикиши мумкин" менимча.
Ответить 
"+" от:
Старый 07.05.2012 00:19   #9  
Аватар для Fahrulla
Оффлайн
РНЦЭМП
нейрохирург
Сообщений: 80
+ 25  41/23
– 0  2/2

UzbekistanМой мир
Спиртнинг инсон танасига таъсирларига келсак, "чарчок"ни чикарувчи, стрессни олувчи таъсирлари бор. Лекин бу оддий одамлар учун 100-50 г (40%) дан ошмайди, "алкаш"лар учун эмас.
Ответить 
Старый 08.05.2012 06:39   #10  
Real ID Group uParty Member Ultimate
Аватар для Shokir Dolimov
Оффлайн
Ҳарбий пенсионер
Сообщений: 3,959
+ 6,220  7,278/2,050
– 77  332/176

UzbekistanFacebook
Цитата:
Сообщение от Fahrulla Посмотреть сообщение
Илтимос фикрларни кискарок, бир-неча катор килиб ёзсангиз яхши буларди.
Ичкиликбозликнинг давоси деярли йук, бу одамнинг узи "йикилиб тушган жарлиги- ундан факат узи ирода билангина чикиши мумкин" менимча.
Ушбу маълумотлар ва эътиборингизга ҳавола этишни режалаштирган кўплаб бошқа, хусусан, йирик корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарияти томонидан ўз ходимлари орасида ичкиликбозликка қарши кураш олиб бориш усуллари каби соҳага оид материаллар терма бўлиб, давлат тилига шахсан ўзим таржима қилганим учун ҳам мавзу очишга журъат этган эдим.
Қўшинларда мазкур иллатга қарши профилактик тадбирлар кенг кўламда олиб борилади, албатта. Бироқ Қуролли Кучлар давлатнинг ниҳоятда йирик ташкилотларидан бири бўлишига қарамай, мулоҳаза юритилаётган иллатга қарши миллат миқёсида кураш олиб боришга кичиклик қилади. Зеро, армия – жамият кўзгусидир, деб бежиз айтилмайди. Жамият қандай аҳволда бўлса, унинг армияси ҳам ўша аҳволдан у қадар кўп фарқ қилмайди. Шу боис, спиртли ичимликларни суиистеъмол қилиш ҳолатларидан холи бўлиш жараёнига комплекс равишда ёндашиш тамойилини рўёбга чиқариш масаласида озгинагина бўлса ҳам шу тариқа ҳисса қўшаман, деган хаёлга борган эканман. Аттанг.
__________________
Тилга эътибор - элга эътибор! http://dolimov.zn.uz/ - ЧҚБТ фани ўқитувчисига
Ответить 
Ответить




Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2024, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
Advertisement System V2.5 By Branden
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»


Новые 24 часа Кто на форуме Новички Поиск Кабинет Все прочитано Вверх