Моё меню Общее меню Сообщество Правила форума Все прочитано
Вернуться   uForum.uz > ТЕМАТИЧЕСКИЕ ФОРУМЫ > Образование > Ижод хусусида сўз
Сообщения за день Поиск
Знаете ли Вы, что ...
...для каждой темы существует свой раздел. Изучите структуру форума. Если соответствующего раздела нет, то всегда есть раздел "Разное" :)
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >>

Ижод хусусида сўз Ижод аҳли, уларнинг ғояси, ҳаёт қараши, мақсадлари, ютуқлари, орзу ва армонлари.... (Все о творчестве, о людях творчества, их идеях, взглядах, достижениях и целях, мечты…)


Результаты опроса: Teatrga borib turasizmi?
Ha, yangi chiqqan spektakllarni qoldirmay korgani boraman. 9 8.26%
Ba'zan-ba'zan borib turaman. 64 58.72%
Televizorda ko'rsatilayotgan yoki video lavhalarga yozilganini ko'raman. 21 19.27%
Teatr ko'rishni yoqtirmayman. 15 13.76%
Голосовавшие: 109. Вы ещё не голосовали в этом опросе

Ответить

 
Опции темы Опции просмотра
Старый 26.06.2013 12:27   #471  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Цитата:
“Ҳалима”нинг замонавий қиёфаси
Бу дутор ўзгармаган, аммо садоси ўзгача...
(Қўшиқдан)

“Ижодкор учун шундай мавзулар бўладики, улар ўлмас ҳисобланади. Булар – уруш, ўлим, муҳаббат”,-деб ёзган эди адиб Эрнест Хемингуэй. Драматург Ғулом Зафарий қаламига мансуб биринчи ўзбек мусиқали драмаси “Ҳалима” гарчи ХХ асрнинг 20-йилларида саҳна юзини илк бора кўрган бўлса-да, шу нуқтаи назардан ўз аҳамиятини йўқотмаган, халқнинг турмуш тарзидаги долзарб масалаларни очиб берган мана шундай асарлардан бири ҳисобланади.
“Дийдор” театр-студиясида Ғулом Зафарийнинг “Ҳалима” пьесаси Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти 4-босқич “Мусиқали драма ва театр актёрлиги” факультети талабалари томонидан диплом-спектакль сифатида намойиш этилди. Саҳналаштирувчи режиссёр Баҳодир Йўлдошев, рассом Сергей Седухин, курс раҳбари Рамзиддин Қодиров. Диплом-спектакль “Ўзбек-театр” ижодий бирлашмасининг “Сени куйлаймиз, замондош” театр ҳафталиги доирасида танловдан ташқари қўшимча спектакль тарзида кўрсатилди. Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтининг амалга ошираётган хайрли ишларидан бири сифатида шуни кўриш мумкинки, битирувчи талабаларнинг амалиётини театрларда профессионал режиссёрлар билан ҳамкорликда ўтказмоқда. Театр ва институт ҳамкорлиги эса келажакда ўз ишининг моҳир устаси бўлган актёрларнинг етишиб чиқишини, устоз-шогирд мактаби яратилишини таъминлайди.
“Ҳалима” драмаси Зубайдабегим (Зайнаб Худоёрова) чертган дуторнинг хонишин навоси билан бошланади. “Тановор”, “Қари наво”, оғир маҳзун халқ куйларининг маҳзун оҳанги... Ҳалима (Фаёза Валиева) севгилиси Неъматни мардикорликдан келишини орзиқиб кутади, Неъмат (Нурилло Эминов) мардикорликдан қайтиб келган. Қизалоқнинг севинчи ичига сиғмайди, унинг сирдоши тутлар. Ҳалима “ўзи”нинг дарахтлари билан сирлашади, шивирлашади, ҳаёт қувончларини улар билан бирга баҳам кўради.
Ортиқбой (Нурилло Эминов) ХХ аср бошларидаги янги-фабрикант бойлардан бири. Ўта эҳтиёткор, муғомбир шахс. Неъмат мардикорликдан қайтиб келгач, “балки мардикорликдан қочиб келгандирсан?” -дейди. У оқпошшонинг чангалига тушган йигитлар соғ-омон чиқмаслигини жуда яхши англайди. Шу боис ҳам Неъматни қандай қисмат кутаётганлигини билса-да, укасининг ўрнига мардикорликка жўнатади. Неъмат сиёсатдан сўз очиб фикрини билдирса, “Менга нима...”- деб ўзини сиртдан сиёсатга аралашмагандек тутса ҳам, бироқ одамлар айни ўша пайтдаги сиёсий вазиятни қандай баҳолаётганликларини билиш учун завжаларини чор атрофдаги маҳаллаларга юборади. Албатта, бунда сиёсий вазиятдаги жиддий ўзгаришлар Ортиқбойнинг сармоясига, фабрикалардаги ҳолатига жиддий таъсир кўрсатишини бой олдиндан кўра билади. Ортиқбойнинг хотинлари – Зубайда (Зайнаб Худоёрова), Сухсурхон (Мадина Сапаева), Бодомбека (Иноятхон Бахтиёрхўжа қизи)га буйруқ бериш жараёнида уч хил рафиқанинг уч хил характери очиб берилган.
Ортиқбой ҳамма нарсани пул билан ўлчайди. Буни бизҲалимани “ўзиники қилиш” учун Холжон хола (Шаҳноза Йўлдошева)ни ишга солиб мири берганида, Неъматнинг соғлиғини янада танглаштириш, дардини зўрайтириб ажалини тезлаштириш учун табиб (Ҳамидулло Қодиров)га “оғзига сиққанича” пулни бераётганида кўришимиз мумкин. Ортиқбой пулнинг “зўрлиги”ни чуқур англаган шахс. Неъмат мардикорликка Ортиқбойнинг укасини ўрнига кетишининг сабаби ҳам пулнинг “кучи”. Ортиқбой учун виждон - пул, иймон - пул. Бойнинг бир нозик жиҳати – Ҳалимага “ишқивоз”лиги. Беғубор, туйғулари соф, қалби кирланиб улгурмаган Ҳалима унинг кўнглига ўтирган, учта хотинини қўйиб бўлса-да, унга етишиш Ортиқбойнинг орзуси. Бойбиччалари ҳусну малоҳатда тенгсиз беназир, оқила бўлсалар ҳам, унингча хотинларининг кўнгли қора. Ҳаттоки, Ортиқбойнинг уйқусида ҳаловат йўқ, ухлаганида хотинлари бир бало қилиб қўйишмаса бўлгани деб... Ҳалима эса..., Ҳалима ўзгача дунё, ёш, навқирон, “гаҳ” деса қўлга қўнади.
Ортиқбойнинг аёллари – Зубайдабегим, Сухсурхон, Бодомбека гулгун кўринсалар ҳам, ичлари тўла дард-фиғон. Актрисалар Зайнаб Худоёрова, Мадина Сапаева, Иноятхон Бахтиёрхўжа қизи “ичкари уй”даги итоаткор шарқ аёлининг дили хунини оҳанг, қўшиқ, рақс билан ифода этиб бера олишган. Бундан ташқари улар орқа фонда ижро этишган “мажнунтол” образи - ўзи сомеъ, аммо сирдош, қалби зардобга тўла, кундошлик жафоси қора толеига битилган мазлумалар тимсолида яққол намоён бўлган. Актрисалар Ҳалима ва Неъматнинг учрашуви чоғида айлантирган палакда чархи гардуннинг икки ёш қисмати тепасида айланиб аввал ёруғ ҳолатда, сўнг эса кажрафторлик балоси билан жафоларга йўлиқтирганлиги кўрсатилган.
Неъматнинг пахта заводига юборилганлигидаги ҳолат “Айрилиқ,ҳижрон” ариясини дилхунликда куйлашда очиб берилган. Саҳналаштириш жараёнидаги баъзан роялда, баъзан дуторда, баъзан халқ қўшиқлари ижросидаги кўринишлар томошабиннинг томоша пайтидаги руҳиятидаги ўзгаришларга кучли таъсир кўрсатади. Саҳна об-ҳавосини мўътадиллаштириб туради. Режиссёр Баҳодир Йўлдошев саҳнадаги ўзига хос бу топилмалар билан томошабинни ҳам воқеалар ривожида иштирокчига айлантира билган.
Ҳалиманинг отаси – Муслим ака (Валижон Азметов) лавҳада барча нарсани пулга сотадиган инсондек кўринади, бироқ ўғли Зокиржон (Аббос Қўзибоев), қизи Ҳалима (Фаёза Валиева) билан мулоқоти жараёнида ночор ота қиёфасида гавдаланади. Зокиржон отасига синглисини ёши катта бойга узатилишига эътироз билдирган пайтида ҳам миллий қадриятларимизга хос тарзда отасининг кўзига тик қарай олмайди. Муслим ака ўртаҳол савдогар бўлгани ҳолда молиявий парокандаликдан қутулишнинг, қарзларидан узилишнинг йўли Ҳалимани Ортиқбойга беришда деб билса, Зокиржон навниҳол синглисини бойга узатилишини орига зид деб билиб, қарзни узиш учун пулни топишга ҳаракат қилишини айтади. Отанинг бечораликни чора деб билиши, ўғилнинг масалани ечишни имкониятларидан келиб чиққани ҳолда ҳал этиш жараёнидаги кўринишда шаън масаласи туради. Ота ўғилга нисбатан, “Ўчир овозингни, Йўқол!..” деб кавушини отган тақдирда ҳам, ўғил отасига ўзи томон отилган кавушни олиб келиб, ётиқлик билан фикрии уқтиришга, отасини ғазаб алангасини сўндиришга ҳаракат қилиши; Ҳалиманинг онаси Рокия хола (Мадина Сапаева)нинг айюҳаннос солмай, “Мен бу никоҳга қаршиман...” дея турмуш ўртоғига айтиши, Ҳалиманинг отасига гарчи ўз истагига қарши бўлса-да, оилавий вазиятни-отасининг Ортиқбой олдидаги ожизлигини билгани ҳолатда “Мен розиман...” деб кўз ёшлари билан розилигини билдириши – бу ўзбек оиласидаги тарбиянинг бир кўриниши эмасми...
Неъматнинг отаси Раҳим ака (Азамат Ҳамроев) қиёфасида эса ўз фикрига эга эмас, Ортиқбойнинг чизган чизиғидан чиқмайдиган, “нима десангиз шу, бой ота”дан ўзга нарсани билмайдиган қатъиятсиз шахсни кўрамиз. Гўёки Ортиқбой унинг учун авлиёлик рутбасига эга шахс. Раҳим акада ички исён етишмайди.
Ортиқбойнинг хотинлари Неъмат ва Ҳалимани бирга бўлишлари учун етарлича маблағ бериб уларни қочишга ундашади. Бироқ ота-онанинг юзига оёқ қўйишни истамаган, дардини тузалмас деб билган Неъматни касаллик ирода кучини енгиб қўйган, ундаги қатъиятни, келажакка нисбатан ишончни сўндирган. Оқибатда эса Неъматнинг ҳам, Ҳалиманинг ҳам тақдири фожиали якунланади.



Ответить 
Старый 26.06.2013 12:31   #472  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
“Ҳалима”нинг замонавий қиёфаси

Цитата:
“Ҳалима” пьесасининг ютуғи шундан иборат бўлдики, залда ўтирган томошабин уни нафасини ичига ютиб кузатди, пассив томошабин эмас, фаол кузатувчи сифатида “Нега?” саволига доимо воқеалар ривожида жавоб топишга интилиб, ҳар бир сюжетни синчиклаб томоша қилди. Драмадаги воқеалар долзарблигини йўқотмаган ҳолатда, инсонни шафқатсиз ҳаёт кураши жараёнида собит аҳдга, қатъиятли бўлишга, ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзлигини сақлай билишга ундайди. Мазкур драмада бой бўлиш иймон, виждонини четга суриб қўйиб ўзгаларнинг бахтсизлиги эвазига ўзинигина бахтли бўлиши учун, нафс ўпқонини қондириш дегани эмас; инсоннинг ҳисга эмас, ҳирсга берилиши кимларнингдир фожиасига олиб келиши ғоя сифатида кўрсатилди. Саҳна лавҳалари ижрочилари ёш бўлсалар ҳам ўзларига юклатилган масъулиятли вазифани моҳирлик билан уддаладилар. Бунда албатта уларга йўл-йўриқ кўрсатган устозларининг меҳнати намоён бўлган.

Ответить 
Старый 28.06.2013 15:34   #473  
Offline ID uParty Member
Аватар для Naim Karimov
Оффлайн
благотворительный фонд памяти жертвам репрессий
ведущий научный сотрудник, профессор, доктор филологических наук
Сообщений: 112
+ 41  402/111
– 0  0/0

Uzbekistan
Цитата:
Сообщение от Nigora Umarova Посмотреть сообщение
Драматург Ғулом Зафарий қаламига мансуб биринчи ўзбек мусиқали драмаси “Ҳалима” гарчи ХХ асрнинг 20-йилларида саҳна юзини илк бора кўрган бўлса-да, шу нуқтаи назардан ўз аҳамиятини йўқотмаган, халқнинг турмуш тарзидаги долзарб масалаларни очиб берган мана шундай асарлардан бири ҳисобланади.
Ушбу драманинг дастлабки нусхаси 1919 йилда майдонга келган. Лекин муаллиф спектаклни саҳналаштирувчи режиссёр Маннон Уйғур ва театрнинг ижодий жамоаси билан ҳамкорликда асар устида ишлашда давом этган. Ва, ниҳоят, ўзбек музикали драма театрининг афосанавор спектаклларидан бири – “Ҳалима” 1920 йил 14 сентябрда Эски шаҳардаги “Роҳат боғча” саҳнасида томошабинлар эътиборига ҳавола этилган. Томошабинлар “Ҳалима”нинг биринчи нусхасиниёқ қизғин кутиб олганлар. Шунга қарамай, муаллиф асарга сайқал беришда, асар тўқимасига янги персонажларни олиб кириш, қаҳрамонлар образини мукаммаллаштириш, спектаклни янги ва катта эмоционал таъсир кучига эга бўлган ария ва дуэтлар билан бойитишда давом этади. Муаллиф ва театрнинг “Ҳалима” устида узоқ йиллар давомида тинмай ишлашлари натижасида асарнинг бир неча нусхалари пайдо бўлган. Шу нусхаларнинг айримларида асарда тасвир этилган воқеанинг 1915-1920 йиллардаги халқ турмушидан, айримларида эса 1916-1922 йиллардаги ҳаётдан олинганлиги айтилади. Муаллифнинг шу изоҳоти туфайли айрим театршунослар “Ҳалима”ни реал ҳаётий воқеа асосида ёзилган асар, деб ҳисоблайдилар. Аммо гап шундаки, мазкур асар заминида ётган воқеа нафақат 1915-1920 йилларда, балки ундан олдин ҳам. кейин ҳам, ҳатто нафақат Ўзбекистон, балки Осиё ва Европа қитъаларидаги барча шаҳарларда ҳам рўй берган бўлиши мумкин.
Агар жаҳон драматургияси ва театри тарихига назар ташласак, Неъмат билан Ҳалима ўртасидаги муҳаббат тарихи жуда кўп асарларда турли вариацияларда такрорланганилигига ишонч ҳосил қиламиз. Аммо драматург ва театрнинг катта ютуғи шунда бўлдики, улар Неъмат билан Ҳалиманинг фожиали муҳаббати тарихини реал макон ва реал замонда содир бўлган воқеа сифатида талқин этдилар. 1917 йил арафасидаги ва ундан кейинги ўзбек жамиятида бойлар билан камбағаллар ўртасидаги тавофут сезиларли тус олганлиги туфайли Неъмат билан Ҳалима муҳаббатининг фожиали ечими шу даврнинг бош конфликти билан уланиб-туташиб кетди. Аслида Ҳамзанинг “Бой ила хизматчи” драмасида ҳам, Ойбекнинг “Қутлуғ қон” романида ҳам, ўзбек адабиётининг 20-30-йилларда яратилган бошқа аксар асарлари замирида ҳам шу конфликт ётади. Аммо буни шўро даври мафкурасининг таъсири, деб баҳолаш тўғри эмас. Зеро, Аббат Превонинг “Манон Леско” романи, Шекспирнинг “Ромео ва Жульетта” трагедияси, Алишер Навоийнинг “Лайли ва Мажнун” достони, ҳатто “Тоҳир ва Зуҳра” халқ эртаги замирида ҳам шу конфликт ётади. Бунинг сабаби шундаки, учинчи шахс аралашган, ошиқ ва маъшуқанинг ўзаро муносабатларига раҳна солган ва улар муҳаббатини оловлантириб юборган муҳаббатгина чин ва буюк муҳаббат даражасига кўтарилади. Шундай муҳаббатгина адабиёт ва санъат асарларига мавзу бўлиб хизмат қилади.
Ғ.Зафарий ҳаётнинг ана шу қонунини яхши билганлиги туфайли катта ёшдаги томошабинлар учун ёзган илк саҳна асарига фожиали муҳаббатни мавзу қилиб олган. Драматург Ҳалима ва Неъматнинг бир-бирига бўлган муҳаббати Фарҳод ва Ширинлар, Лайли ва Мажнунлар, Тоҳир ва Зуҳралар муҳаббатидек китобий, замонавий томошабиндан узоқ қаҳрамонлар бўлиб қолмаслиги учун уларни ўз даврининг тарихий шароити фонида тасвирлайди. Шу мақсадда асарга ўтган асрнинг 10-йиллари охири – 20-йилларининг бошларидаги ҳаётий масалалар ва тафсилларни олиб киради. Натижада 20-йилларда яшаган томошабинлар Ҳалима ва Неъмат образларини ўзларининг дугона-ўртоқлари, маҳалладошлари ёки, нари борса, ҳамшаҳарлари ўлароқ идрок қилдилар. Айримлари эса улар тақдири кўзгусида ўз фожиаларини кўрдилар. Неъмат ва Ҳалима драматург ва театрнинг ҳамкорликдаги самарали ижодий меҳнати туфайли томошабинлар қалбидан реал адабий қаҳрамонлар сифатида чуқур жой олди.
“Иштирокиюн” газетасининг 1920 йил сентябрь ойидаги сонларидан бирида асарнинг саҳналаштирилгани тўғрисида қуйидаги эълон берилган: “Эски шаҳар “Роҳат боғча”синда 1920 йил 14 сентябрда, сешанба куни, ўзбек шўро артистлари томонидан беш пардали “Ҳалима” отли опера ўйналади. Ёзувчиси: Ғулом Зафарий. Бу асар ерли турмушдан олиб ёзилган фожиадир. Ҳаволари ўзбекча бўлғони билан бирга музика (чолғу) да ўзбек чолғуларидир. Ўйин бошланур соат 7 яримда...”
Асарнинг дастлабки нусхаси гарчанд беш пардадан иборат бўлса-да, ҳажм нуқтаи назаридан ҳам, персонажлар сонининг озлиги жиҳатидан ҳам кейинги нусхаларидан кескин фарқ қилган. Шунга қарамай, асарнинг илк нусхалари асосида яратилган спектакллар ҳам томошабинлар ўртасида зўр муваффақият қозонган.
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
Старый 28.06.2013 15:38   #474  
Offline ID uParty Member
Аватар для Naim Karimov
Оффлайн
благотворительный фонд памяти жертвам репрессий
ведущий научный сотрудник, профессор, доктор филологических наук
Сообщений: 112
+ 41  402/111
– 0  0/0

Uzbekistan
Асар таҳлилига ёндашишдан аввал шуни ёдга тушириш жоизки, “Ҳалима”дан аввал ўзбек театри тарихида кўп пардали мусиқали драма асари бўлмаган ва намойиш этилмаган. Шунинг учун ҳам санъатшунослик фанлари доктори Тошпўлат Турсуновнинг қуйидаги фикрини келтириш айни мудаодир:
“Ҳалима” асари, - деб ёзган эди таниқли театршунос олим, - аввало, энг муҳим жумбоқ – музикали драма ўзбек театри учун қонуний ҳолми, борди-ю жавоб ижобий бўлса, унинг яратилиш йўллари қандай бўлади, деган саволга жавоб беради. Зотан, “Ҳалима” қўйилиши билан жамоатчилик, мутахассислар ва матбуот биринчи навбатда шу масалага жавоб истарди. Бинобарин, спектаклга биринчи ёзилган тақризнинг Абдурауф Фитрат томонидан қуйидагича бошланиши бежиз эмас. “Адабиёт ва саҳначиларимиз учун бу кеча бир синоат кечаси эди. Ўз куйларимиз, ўз чолғуларимиз билан опера қўйила олурми? Ўзбек чолғуси билан ўзбек куйи опера кечаларинда истадигимиз таъсирни бера олурми, деган сўроқларга биз шу “Ҳалима” томошасини кўргандан кейин жавоб бера олур эдик.
Бу савол, аввало, Ғулом Зафарийни кўпдан бери ўйлатар ва унга ижодкор жавоб ахтарар, изланарди. Унинг тўрт-беш йилдан бери тажриба маъносида ёзаётган бир пардали музикали драмалари шу изланишларнинг самараси эди. Кўринадики, бу муҳим муаммони “Ҳалима” музикали драмаси ҳал этди"1.
Т.Турсунов бу сўзларидан сўнг, ўзбек музикали драмасининг асосчиси ким эканлиги масаласида баҳслар бўлгани ва Ғ.Зафарийнинг бу борадаги хизматлари айрим театршунослар томонидан камситилаётгани ҳақида сўзлаб, бундай давом этган: “...”Ҳалима”нинг музикали драма эканига менсимайроқ қараш ҳоллари ҳали ҳам бор. Бундай қараш кейинчалик пайдо бўлган хулоса. Чунончи, “Ҳалима” - махсус ёзилган музиканинг эмас, балки халқ музика меросининг ҳисобига вужудга келган асар. Лекин ўша даврда бундан бошқа йўлнинг ўзи йўқ эди ва ўзбек музикали драма жанри йигирманчи, ҳатто ўттизинчи йиллари ҳам шу йўлдан борди. Бу, масаланинг бир томони. Иккинчиси – “Ҳалима” ўша йўл билан бўлса ҳам, тугал музикали драма асари эди. Муҳими шу. Ғулом Зафарий пьеса музикасини билимдонлик, дид билан табдил йўлида шакллантирди. Ғулом Зафарий ўзбек мумтоз қўшиқ меросининг кучли томони – ундаги теран муҳокама ва эмоционал кайфиятни вужудга келтирувчи драматизм, туғён, театр элементларини биринчи бўлиб сезди ва музикали драма жанрига олиб кирди”2.
Бу сўзлар кўпроқ асарнинг мусиқий талқинига оид эса-да, музикали драма, аввало, бадиий адабиёт жанри бўлганлиги учун драматург “Ҳалима”ни ёзишдан аввал озарбайжон театрининг “Лайли ва Мажнун” ва бошқа музикали драма жанридаги спектакллари тажрибасини қунт билан ўрганиб, шу жанрнинг ўзига хос томонлари ҳақида пухта билимга эга бўлганлигини алоҳида қайд этиш зарур. Биз асарнинг қўлимиздаги беш ёки олти нусхасини ўзаро қиёслар эканмиз, музикали драма жанри ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлган Ғ.Зафарийнинг қаҳрамонлар образини яратишда нафақат драма жанри, балки музика санъатининг ҳам бой имкониятларидан -ария, дуэт, монолог, речитатив сингари компонентлардан ўринли истифода этганлигини кўрамиз. Драматург қаҳрамонларнинг монологик ва диалогик нутқларинигина эмас, балки ария ва дуэтлар матнини ҳам ўзбекона ифодалар ва поэтик образлар билан музайян этган.
Асар марказида икки ошиқ ва маъшуқа - Ҳалима ва Неъмат образлари туради. Уларнинг иккаласи ҳам бир маҳалладан. Аммо Ҳалиманинг отаси маҳалланинг обрўли бойларидан бири бўлса, Неъматнинг отаси - оддий ямоқчи. Ошиқ ва маъшуқалар қаерда ва қайси замонда яшаган бўлмасинлар, шу ижтимоий фарқ асрлар давомида улар бахтига раҳна солиб келган. Неъмат, худди Қайс (Мажнун) сингари Ҳалимани бутун қалби ва вужуди билан севади. Ҳалиманинг меҳр ва муҳаббати ҳам фақат Неъматга аталган. Лекин Ортиқбойнинг совчилари Ҳалиманинг уйига кириб келиши билан ошиқ ва маъшуқанинг ошига заҳар сочилади. Муслимбой хотини Рокия ва ўғли Зокирнинг қаршилик кўрсатганларига қарамай, қизини кекса Ортиқбойга бериш ниятидан асло қайтмайди.

1 Турсунов Тошпўлат. ХХ аср ўзбек театри тарихи. 1900-2007. – Тошкент, 2010. – Б. 136.

2 Ўша асар. – Б. 136-137.
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
Старый 28.06.2013 15:41   #475  
Offline ID uParty Member
Аватар для Naim Karimov
Оффлайн
благотворительный фонд памяти жертвам репрессий
ведущий научный сотрудник, профессор, доктор филологических наук
Сообщений: 112
+ 41  402/111
– 0  0/0

Uzbekistan
Вазиятнинг кутилмаганда кескин тус олиши қаҳрамонларни довдиратиб қўяди. Ота-она измига мутелик руҳида тарбияланган қаҳрамонлар фаол ҳаракат қилишга ожизлик қиладилар. Ҳалима Неъмат билан қочишга тайёр эканлигини билдирса ҳам, на унинг ўзи ва на Неъмат бундай қатъий ҳаракатга қодир эмаслар. Шунинг учун ҳам Ҳалима билан Неъматнинг самимий муҳаббатидан хабардор бўлган Зокир синглисини ҳимоя қилиб, ота раъйига қарши исён кўтаради.
Асарда, бошқа қаҳрамонлар қатори, Зокирнинг ҳам ким ва қандай инсон эканлиги ҳақида бирор шама йўқ. Лекин тахмин қилиш мумкинки, у савдогарнинг фарзанди бўлганлиги учун янги усул мактабларининг бирида хат-савод чиқарган, газета ўқийдиган, дунёда рўй бераётган воқеалар ҳақида озми-кўпми тасаввурга эга бўлган йигит. У дунёнинг ўзгариб бораётганлигидан яхши хабардор. У энди Одам Атодан қолган ақидалар билан яшаш мумкин эмаслигини яхши билади. Ёш, гўзал ва ширин орзулар оғушида яшаётган Ҳалиманинг Неъматни сева туриб кекса Ортиқбойга турмушга чиқиши асло мумкин эмас. Бу, ўн гулидан бир гули очилмаган қизнинг ҳазон бўлиши билан баравар. Шунинг учун ҳам Зокир отасининг аҳдига қарши чиқади. У ва унинг дўстлари илғор қарашлари ва оқилона хатти-ҳаракатлари билан жадидларни эслатадилар. Ҳа, у жадид. Шу важдан у чиркин урф-одатларга ҳам, шу урф-одатлар тўридан чиқа олмаган отасига ҳам қарши. Рокия – Ҳалиманинг онаси ҳам у билан ҳамфикр. Шунинг учун ҳам у ўғлининг ёнига кириб, эрига ёлборади:
“ Р о к и я. Жон отаси, ...кўра-била туриб, кўзимизни оқу қароси, биргина қизимизни ўтга ташламайлик. Ўйлаб иш қилайлик.
М у с л и м. Мен “хўп”, деб жавоб бериб юбордим. Энди сўзимдан қайтсам, эл-юрт ичида буртим кетади, обрўйим тушади... Шуниси ҳам борки, Ортиқбой бизга қараганда бадавлатроқ, мол-дунёси, мероси дегандай... Ҳар қалай, оқмаса ҳам томади-ку”.
Рокия билан Зокир ҳам, Муслимбой ҳам Ҳалиманинг Ортиқбойга турмушга берилиши масаласида э р т а ни ўйлайдилар. Аммо Рокия билан Зокир Ҳалиманинг бахтли эртанги куни ҳақида ўйласа, Муслимбой ўз савдо ишларининг Ортиқбой туфайли гуриллаб кетишига умидвор. У шу умидининг рўёбга чиқиши учун попукдек қизини кекса бойга инъом қилишга ҳам тайёр. Томошабин вужудга келган драматик вазиятнинг ечимида Муслимбойнинг манманлиги ва худбинлиги туфайли нафақат Неъматнинг, балки ўз қизи Ҳалиманинг умри ҳам хазон бўлганини кўради. Драматург ва театр асар асосида ётган воқеа тасвири орқали муҳаббат инсоният руҳий оламининг офтоби, уни сўндириш ошиқ ва маъшуқаларни ўлдириш, бир оиланинг осуда ҳаётини барбод қилиб ташлаш билан баравар, деган ғояни илгари суради. Ана шу умуминсоний ғоя ўз муҳаббатига содиқ қолган Ҳалима ва Неъмат образларини ичдан нурлантириб, уларни Фарҳод ва Ширинлар, Лайли ва Мажнунлар, Тоҳир ва Зуҳралар яшаётган арши аълога яқинлаштиргандек бўлади.
Юқорида айтиб ўтилганидек, Неъматнинг ҳам, Ҳалиманинг ҳам хатти-ҳаракатларида фаоллик етишмайди. Бу фаолсизлик уларнинг оила ва жамият ҳаётида тутган ўринлари билан изоҳланади. Лекин бу ошиқ ва маъшуқаларнинг қалбларига қулоқ тутсак, уларнинг юксак руҳий оламидаги, улар қалбидаги инсоний ҳис-туйғу ва интилишлардаги мусаффолик, порлоқлик, самимийлик бизни мафтун этади.
“Ироқ” куйига мослаб ёзилган Неъмат ариясининг қуйидаги дастлабки сатрларига эътибор беринг:

Кел, эй тонгни шамоли, уйқудаги дилдоримни уйғот,
Кўнгил торини чертар саҳар ситоримни уйғот.

Юрак дардини изҳор айлайин мен у вафодора,
Кўнгилни ўзга банд этган вафоли ёримни уйғот.

Тараб сочин, сочиб атрин димоғимга, муаттар қил,
Ўшал ноз уйқуда ётган кўзи хуморимни уйғот...

Бу сатрларда Неъмат қалбидаги оташин муҳаббат оловлари балқиб туради. Унинг ўз севгилисини гоҳ вафодор, гоҳ бевафо (“кўнгилни ўзга банд этган”) деб аташида ҳам катта зиддият йўқ: сир эмас, ошиқ ва маъшуқаларнинг муҳаббати осмонида ўқтин-ўқтин шубҳа ва гумон булутлари пайдо бўлиб туради. Неъмат, Мажнун янглиғ, ўз муҳаббатига содиқ. У ҳатто замона зўравонлари томонидан қамоққа ташланиб, роса калтакланганида ҳам ўз севгисидан воз кечмайди. Неъматни қамоқхонадан ярим ўлик, ярим тирик ҳолда олиб келганларида ҳам унинг тилидан “Ҳалима” калимаси тушмайди, унинг хаёлидан севимли ёр сурати нари кетмайди. Ҳалиманинг ўзи ҳам шундай мустаҳкам муҳаббат занжирлари билан боғланган. У ота раъйига қарши кураша олмай, Ортиқбой хонадонига келин бўлиб тушганида ҳам, Неъматга бевафолик қилишдан кўра, ўлимни афзал билиб, ўзини-ўзи бўғиб ўлдиради. У ўзининг шу хатти-ҳаракати билан Ширинни эслатади, Жульеттани эслатади.
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
Старый 28.06.2013 15:42   #476  
Offline ID uParty Member
Аватар для Naim Karimov
Оффлайн
благотворительный фонд памяти жертвам репрессий
ведущий научный сотрудник, профессор, доктор филологических наук
Сообщений: 112
+ 41  402/111
– 0  0/0

Uzbekistan
Ҳалима Шарқ қизи сифатида ўз муҳаббатини афиша қилмайди. У ҳатто Неъматнинг кўксига бошини қўйиб, усиз яшай олмаслигини айтишга журъат этмайди. Неъматнинг уни бевафоликда айблашининг сабаби ҳам шунда. Унинг қалбида кечган ишқий кечинмалар Неъмат чеккан изтироблардан кам ва енгил эмас. Агар Неъмат ўз севгисини баланд тоғ устига чиқиб ҳам ошкор қилишга шай бўлса, Ҳалима Шарқ қизи сифатида бундай “имконият”дан маҳрум. Шунинг учун кучли руҳий кечинмалар унинг қалбини садпора қилиб ташлайди.
Ҳалима:

Қанчалар зор йиғласам, ҳолимни билмас ҳеч ким,
Раҳм этиб кўзимдаги ёшимни сезмас ҳеч ким.

Кўксими минг пора қилсам, кўзга илмас ҳеч ким,
Йўлда ётсам ястаниб, менга эгилмас ҳеч ким.

Билмадим, бу дардими кимларга изҳор айласам,
Ғам-аламлар ичра қолдим, билмам энди найласам...

Ҳалима муҳаббат дардида шундай руҳий тўфонларни бошидан кечиради.
Шу ўринда лирик чекиниш сифатида шуни айтишни хоҳлардикки, мазкур спектаклда Ҳалима ролини ижро этган актрисалардан бири узлуксиз шу руҳий ҳолатни бошдан кечириши натижасида руҳий касалликка чалиниб қолган. Бу факт, бир томондан, Ҳалима образи зиммасига тушган руҳий-маънавий юкнинг нечоғлик чўнг ва катта бўлганидан дарак берса, иккинчи томондан, “Ҳалима” спектаклининг узоқ йиллар давомида томошабинлар онги, руҳи ва ҳаётига беҳад даражада катта таъсир кўрсатганидан далолат беради.
Инсоният гўзаллик ва муҳаббатнинг сеҳркор кучини ҳис эта бошлаган пайтлардан бошлаб ҳаётда ҳам, адабиётда ҳам “ишқий учлик” (“любовный треугольник”) тушунчаси пайдо бўлган. Айниқса, феодал тузум шароитида Ҳалима ва Неъмат сингари ёшлар муҳаббати учинчи, қудратли шахснинг ўртага тушганлиги туфайли фожиа билан якун топган. Бундай фожиали воқеалар, юқорида айтиб ўтилганидек, “Ҳалима” спектакли яратилгунга қадар ҳам, театр саҳнасида аншлаг билан намойиш этилган йилларда ҳам рўй бериб турган. Аммо “Ҳалима” саҳна юзини кўрган йилларда тарихий шароит ўзгарган, бадавлат кишиларнинг Ҳалима ва Неъматлар бахтига раҳна солиши қийинлаша бошлаган, жамиятда ошиқ ва маъшуқалар бахтини ҳимоя қилиш имконияти пайдо бўлган эди. Спектакль шундай ижтимоий-тарихий шароитда ёш йигит ва қизларнинг муҳаббат ва никоҳга бўлган муносабатларини кескин ўзгартириб юборди. Улар янги ижтимоий-тарихий шароитда ўз севгилари учун, инсоний ҳақ-ҳуқуқлари учун курашишлари мумкин ва лозимлигини, муҳаббатли никоҳнинг бахт ва саодат, муҳаббатсиз никоҳнинг эса кулфат ва уқубат эканлигини чуқур тушуна бошладилар. Шу маънода “Ҳалима” спектакли ўтган асрнинг 20-йилларидаги жамиятнинг нафақат маданий, ҳатто ижтимоий ва маънавий ҳаётида муҳим роль ўйнади.
Биз “Дафнис ва Хлоя”да ҳам, “Фарҳод ва Ширин”да ҳам, “Ромео ва Жульетта”да ҳам ошиқ ва маъшуқалар манфаатини ҳимоя қилувчи кишиларни кўрмаганмиз. Аммо “Ҳалима”да маҳалланинг илғор кишилари Муслимбойнинг ҳузурига кириб, уни тартибга чақирмоқчи, унинг мол-давлат деб қизининг бахтига зомин бўлаётганини тушунтирмоқчи, замоннинг ўзгарганини айтмоқчи бўладилар. Драматург ва театр Зокирнинг бу дўстлари зиммасига катта юк қўймаганига қарамай, жамиятда маърифатли ва масъулият ҳисси билан яшовчи кишилар пайдо бўлган, Зокир ва унинг дўстлари шундай кишиларининг жонли тимсоллари эдилар.
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
Реклама и уведомления
Старый 28.06.2013 15:44   #477  
Offline ID uParty Member
Аватар для Naim Karimov
Оффлайн
благотворительный фонд памяти жертвам репрессий
ведущий научный сотрудник, профессор, доктор филологических наук
Сообщений: 112
+ 41  402/111
– 0  0/0

Uzbekistan
20-30-йилларда танилган танқидчилардан бири - Сотти Ҳусайн ушбу асарни жадид адабиётининг сўнгги намуналаридан бири сифатида тўғри илғаган. Лекин у асарда эски турмуш миллий буржуазия нуқтаи назаридангина танқид қилинганини айтиб, бундай ёзган эди: “Ҳалима”да биз эски, чирик турмушга, фикр нафратини(нг) музикали, таъсирли берилганини кўрамиз. ”Ҳалима”даги эски турмушни(нг) кўрсатилиши пролетариат нуқтаи назарида(н) эмас, буржуазия нуқтаи назарида(н)дир. Чунки асар фақат эски ҳаётни(нг) кераклигидан бошқа нарса(ни) англатмайди. Пролетариат ҳокимияти вақтида ёзилган драма бўлса-да, пролетариат инқилобининг эски турмуш билан нуқтаи назарлари сезилмайди. Асар қайси даврни ўз ичига олган бўлмасин, ўша давр ҳукумат идораларининг иштироки лозим. Аммо буни ёзувчи кўрсатмайди”1.
Юқорида айтиб ўтилганидек, асарнинг турли йилларда қайта таҳрир қилинган ва тўлдирилган нусхаларида воқеа 1908-1910, 1915-1920, 1916-1922 йилларда рўй берганлиги айтилади. Асарнинг бирор эпизодида воқеанинг шўролар даврида кечаётганига шама йўқ. Ҳатто шундай шама бўлганида ҳам, драматургдан асарга шўро давлати вакиллари образларини олиб киришни талаб этиш кулгилидир. Асарда миллий буржуазия нуқтаи назари ифодаланганлиги тўғрисидаги сўзлар ҳам нодонликдан бошқа нарса эмас. Афсуски, вульгар социологик танқидчиликнинг шундай талаблари билан ўзбек драматургияси тарихининг кейинги даврларида саҳна асарларига турли даражадаги партия ва давлат раҳбарлари, аксар ҳолларда эса бу раҳбарлар ўрнига рус кишиларининг нажоткор сифатидаги образлари кириб келди ва уларсиз ҳатто бирор маиший муаммо ҳам ҳал бўлмайдиган бўлди. Аммо бу нохуш жараён Сотти Ҳусайн сингари танқидчиларнинг чиқишлари туфайли эмас, балки энг юқори ва нуфузли ташкилотларнинг қарорларидан сўнг бошланди.
30-йиллар аввалида, хусусан, Ғулом Зафарийнинг қамоққа олиниб, Сибирга сургун қилиниши муносабати билан матбуотда “Ҳалима” спектаклини саҳнадан олиб ташлаш лозимлиги ҳақида мақолалар чиқа бошлади. Акмал Икромов бундай чиқишларга жавобан ЎзКП(б) Марказий Комитетининг 1932 йил 13 июлда бўлиб ўтган Y пленумида бундай деган эди: “Ҳалима”, “Фарҳод ва Ширин” каби асарларни саҳналаштириш мумкин эмаслиги ҳақидаги гапларни тез-тез эшитиш мумкин. Бундай гапларни қатъий қоралаш лозим. “Ҳалима”нинг ўрнига бошқа <бундан кўра баркамол> асарни яратмай туриб, уни саҳнадан олиб ташлаш мумкин эмас. Шуни очиқ айтиш зарурки, “Ҳалима” ўзбек театри тараққиётида ижобий роль ўйнади”2.
Шубҳасиз, биринчи ўзбек музикали драмаси драматургия нуқтаи назаридан ҳам, режиссура ва сценография нуқтаи назаридан ҳам, ижрочилар маҳорати нуқтаи назаридан ҳам қатор камчиликлардан холи бўлмаган. Лекин ҳар бир асарга ўз даврининг адабий-эстетик талабларидан келиб чиққан ҳолда ёндашиш лозим. Агар шундай меъёр ва мезонлар асосида ёндашсак, “Ҳалима” қачон ва қаерда саҳналаштирган бўлмасин, томошабинларга катта эстетик таъсир кўрсатган ва 30-йилларнинг ўрталарига қадар музикали драма жанрининг энг яхши намунаси ҳисобланган. Саҳнада Ҳалима образини яратган санъаткорлар мазкур роль устида ишлаш жараёнида тақдири Ҳалимага ўхшаган таниш-билишлари, ҳатто яқин кишиларини кўз олдиларига келтириб, ролнинг янада ёрқин, ҳаётий ва таъсирчан талқин этилишига муваффақ бўлганлар. Шу ҳол ҳам спектаклнинг томошабин қалбида катта акс-садо беришида муҳим омил бўлган.
Турли йилларда Ҳалима ролини ижро этган санъаткорлар орасида Ҳалима Носирова ҳам бўлиб, у ўз хотираларида бундай ёзган эди:
“Менга Ҳалима роли тегиши билан асарни ўзим ўқиб чиқмоқчи бўлиб тўғри уйга югурдим. Атрофдаги барча нарсаларни унутиб, уни ўқий бошладим. Ёноқларимдан кўз ёш доналари сирғалиб оқарди. Кўз олдимдан Фарғонанинг афсонавий мовий тоғлари, худди узоқдаги ажойиб шарпалар сингари, сузиб ўтарди; мен Ҳажар опамни кўз олдимга келтирдим. Унинг юз бичими хотирамдан ўчиб кетган бўлса ҳам, бутун вужудим билан опажонимнинг ҳусни жамолини ҳис этардим. Турқи бузуқ эркакларнинг: “Ур уни! У қишлоғимизга иснод келтирди! У эшоннинг юзига тик қаради-я! Эрининг измини сўрамай, унинг хотинини кўрмоқчи бўлди, шаллақи! Ур уни!” деб худди ҳайвондай ўкирганлари қулоқларим остида қайта янгради. Мен онамнинг ғазабли кўзларини кўрдим, Ҳажар опамнинг жонҳолатда қичқирганини эшитдим...
Тасаввуримда кичкина чалдивор пайдо бўлди. Онамнинг рўпарасидаги тош устида бир хотин ўтирар, у эрига қараб жавдирар, эрининг калтаклашлари, кулала қилиб тепишларидан юрак олдириб, қалт-қалт титрар, нажот сўраётгандай онамга илтижо билан қарар эди...”1
Ҳалима Носирова асарни ўқиши жараёнида ўз опасининг эри томонидан шафқатсиз равишда калтакланганини, ўтган аср бошларидаги аксар ўзбек аёлларининг фожиали ва машаққатли тақдирини кўз олдига келтиргани ва шу аччиқ хотира билан “бойиган” ҳолда Ҳалима образини яратишга киришган. Яъни у “Ҳалима” асарида Ҳажар опаси сингари ўнлаб ва юзлаб жабрдийда ўзбек хотин-қизларининг тақдирини кўрган. Ҳалима ролини ижро этган артистларнинг хотиралари ва замондошларининг мазкур спектаклдан олган чуқур таассуротлари асосида: “Ғулом Зафарий “Ҳалима” асари билан 20-йиллардаги ўзбек жамиятида бир маромда кечаётган ҳаётни тўлқинлантириб юборган”, десак муболаға бўлмайди. Бу фикрнинг одиллигини Ҳалима Носированинг кейинги қуйидаги сўзлари ҳам тасдиқласа ажаб эмас:
“Ҳалима” драмаси устида репетициялар ҳам бошланиб кетди. Мен Ҳалиманинг юрак дардларини ифодалайдиган ашулаларни бор вужудим билан берилиб айтардим. Музика ва сўзлар мени болалик хотираларим томон, туғилиб ўсган қишлоғим томон беихтиёр элтар, Ҳажар опамнинг қўнғироқдай янгроқ овози, жилғаларнинг майин шилдираши, онамнинг мунгли ашулалари ва дуторнинг дилрабо садолари Ҳалиманинг ўлим олдидаги ашуласи билан қўшилиб кетиб, юракни ўртайдиган, асабларни қақшатувчи ягона оҳанг кашф этарди...
Бизнинг “Ҳалима” постановкамиз ҳамма вақт зўр муваффақият билан ўтар эди. Мен бу спектаклда Ҳалима ролини беш юз мартадан ортиқ ижро этдим, ҳамма вақт томошабиннинг олқишига сазовор бўлдим. Яқин ўтмишимиз ҳақида ҳаққоний ҳикоя қилувчи, халқимизнинг севимли музикаси билан йўғрилган спектакль томошабинларга шундай маъқул бўлган эдики, улардан кўпчилиги уни такрор-такрор кўрарди. Пьеса Ўзбекистондаги барча театрларда қўйилди, у ўн йилдан ортиқ саҳнадан тушмади”2.


1 Сотти Ҳусайн. Танланган асарлар. – Тошкент, 1974. – Б. 57-58.

2 Икрамов Акмаль. Избранные труды в трех томах. Том 2. – Ташкент: “Узбекистан”, 1973. – С. 528.

1 Носирова Ҳалима. Мен ўзбек қизиман. – Тошкент, 1968. – Б. 115.

2 Ўша асар. – Б. 115-116.
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
Старый 28.06.2013 15:45   #478  
Offline ID uParty Member
Аватар для Naim Karimov
Оффлайн
благотворительный фонд памяти жертвам репрессий
ведущий научный сотрудник, профессор, доктор филологических наук
Сообщений: 112
+ 41  402/111
– 0  0/0

Uzbekistan
Одатда музикали драма асарига композитор ёки бастакор музика басталайди. Биринчи ўзбек музикали драмасига кимнинг музика басталагани масаласида турлича фикр ва мулоҳазалар мавжуд. Ҳалима Носирова зикр этилган китобида “Ҳалима” спектаклининг яратилишига доир хотираларидан сўнг мазкур асарга “ўзбек музикасининг машҳур билимдони” Тўхтасин Жалиловнинг музика басталаганлигини айтади. 1966 йили Тошкентда рус тилида нашр этилган “Ўзбек шўро театри” китобининг биринчи жилдида эса “Ҳалима”даги музикаларнинг Ш.Шоумаров ва Мулла Тўйчи Тошмуҳамедов томонидан танланганлиги айтилган. Илмий жамоатчиликка шу нотўғри фикрнинг ҳавола этилиши муносабати билан санъатшунос Тошпўлат Турсунов бундай ёзган эди: “...Ғулом Зафарий ўзбек музика мероси ва чолғуларини чуқур ва нозик биладиган одамлиги туфайли асарга музикаларни ўзи танлаган, киритган. Шу муносабат билан “Ўзбек шўро театри” номли тадқиқотнинг биринчи китобида “Ҳалима” музикали драмасига музикаларни Ш.Шоумаров ва Мулла Тўйчи Тошмуҳамедов танлаган, деган ноаниқ фикрни эслашга тўғри келади. (“Узбекский советский театр”, книга первая, Т., 1966, стр. 181.) Ш.Шоумаров спектаклда иштирок этган, лекин созанда сифатида. Мулла Тўйчи Тошмуҳамедов ҳам созанда ва консультант сифатида қатнашарди. Кўп репетицияларни Музаффар Муҳамедов ҳам ўтказган. Ғулом Зафарий созли ва вокал саҳналарни тайёрлаган. Биринчи даврда театрда на оркестр ва на музика ансамбли бўлмагани туфайли созандаларни Ғулом Зафарийнинг ўзи саралаб, ўзи таклиф этган. Спектакль премьерасига Фитрат ёзган рецензияда (“Иштирокиюн” газетаси, 1920 йил 29 сентябрь) чолғу хусусида уларнинг сонини олтита, деб кўрсатилади: икки танбур, икки дутор, бир ғижжак, бир най... Бундан кейин ҳам, то 1926 йилгача созандаларнинг сонини оширишга етарли имкон бўлмаган, лекин Ғулом Зафарий ва театр ансамблни оркестр даражасига кўтаришга уриниб кўрганлар”1.
Таниқли театршунос олимнинг бу сўзларини атоқли адабиётшунос Ҳамид Сулаймоннинг қуйидаги хотираси тўла тасдиқлайди:
“Ғулом Зафарий гавдали, лўппидан келган, оқчўтир одам бўлган. Боғига кираверишдаги кичик бир меҳмонхонасида мутолаа қилиб, гоҳо танбур чертиб ўтирар эди. Мен бу ҳовлига отам топшириқлари билан тез-тез бориб турганимдан Ғулом Зафарийни турли-туман одамлар билан гоҳ меҳмондорчиликда, гоҳ китоб устида, гоҳ боғ айланиб, ашула айтиб юрган ҳолда кўрардим. Бир неча марта меҳмонхонага кирганимда Ғулом акани парча-пурча қоғозларга нималарнидир ёзиб, курсининг устига тўнкарилган баркашчани чертиб ўтирганини кўрардим. Бунинг боисини ҳеч тушунмас эдим. Бир куни отамдан: “Ғулом амакимлар нуқул хат ёзганларида баркаш чертиб ўтирадилар, нага унақа қиладилар?” деб сўраганимда, отам бирдан кулиб юбордилар: “Ўғлим, “Ҳалима” театрини кўргансиз-ку, ўшандаги артистлар айтган ашулаларни амакингиз баркаш чертиб ёзганлар, яна шунақа ашула, куйлар ёзаётган бўлсалар керак. Дутор, танбур чалган одамлар мусиқага эргашиб боши ёки гавдасини тебратиб, оёқ учи билан тепиниб, музика зарбини қайтариб тургандек, амакингиз ҳам ашула ёзганларида баркаш чертиб ўтирадилар”, дедилар”2.
Ғулом Зафарийни мусиқий ижод устида кўп кўрган Ҳамид Сулаймоннинг бу сўзлари “Ҳалима”нинг ҳам, бошқа бир пардали пьесаларнинг ҳам музикаси Ғулом Зафарийнинг ўзи томонидан танлангани ва ёзилгани ҳақидаги фикрларни тўла тасдиқлайди, деб ўйлаймиз.
“Ҳалима” драмасининг мусиқий палитраси ўзбек халқининг сеҳркор куй ва қўшиқларига асосланганлиги сабабли томошабинларга, айниқса, манзур бўлган.
Шундай қилиб, айтиш мумкинки,”Ҳалима” пьесаси ва спектаклини йилдан-йилга бойитиб ва унга сайқал бериб бориш жараёнида ўзбек музикали драма театрининг асосий тамойиллари ишлаб чиқилди ва шу тамойиллар асосида кейинчалик ўзбек музикали драма театрининг “Нурхон”, “Гулсара”, “Тоҳир ва Зуҳра”, “Равшан ва Зулхумор”, “Алпомиш” сингари ўнлаб янги-янги спектакллари майдонга келди.

1 Турсунов Тошпўлат. ХХ аср ўзбек театри тарихи. 1900-2007. – Тошкент, 2010. – Б. 135-136.

2 Ҳамид Сулаймон. Отам ҳақида. – “Кино” журнали, 1966 йил, 11-сон. – Б. 7.
__________________
Хабар форум фойдаланувчиси номидан булим муҳаррири томонидан жойлаштирилмоқда. Бу хақида батафсилроқ.
Сообщение опубликовано от имени пользователя модератором раздела. Подробнее об этом.
Ответить 
Старый 13.09.2013 20:41   #479  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Бугун соат 18.00 да Ўзбек Миллий академик драма театрида Абдулла Қодирийнинг "Ўткан кунлар" асарининг премьераси бўлиб ўтди.

Саҳналаштирувчи режиссёр Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Марат Азимов, драматург Эркин Хушвақтов, саҳналаштирувчи рассом Бахтиёр Тўраев.
Спектакль 17, 18, 19, 25, 26 сентябрь кунлари театр репертуарига қўйилган.

Спектакль юзасидан жуда кўп танқидий мулоҳазалар пайдо бўлди. Айтишларича, спектаклнинг 3 хил вариантдаги талқини мавжуд экан, қиёслаб кўрайлик-чи...
Ответить 
"+" от:
Старый 14.09.2013 21:49   #480  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Sparc, "Ўткан кунлар" спектаклига тушдингизми? Таассуротлар қандай?

Цитата:
"Ўткан кунлар" спектакли ҳақидаги маълумотнома-йўриқнома


Последний раз редактировалось Nigora Umarova; 14.09.2013 в 22:16.
Ответить 
"+" от:
Ответить




Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2024, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
Advertisement System V2.5 By Branden
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»


Новые 24 часа Кто на форуме Новички Поиск Кабинет Все прочитано Вверх