Моё меню Общее меню Сообщество Правила форума Все прочитано
Вернуться   uForum.uz > ТЕМАТИЧЕСКИЕ ФОРУМЫ > Образование > Ижод хусусида сўз
Сообщения за день Поиск
Знаете ли Вы, что ...
...для каждой темы существует свой раздел. Изучите структуру форума. Если соответствующего раздела нет, то всегда есть раздел "Разное" :)
<< Предыдущий совет - Случайный совет - Следующий совет >>

Ижод хусусида сўз Ижод аҳли, уларнинг ғояси, ҳаёт қараши, мақсадлари, ютуқлари, орзу ва армонлари.... (Все о творчестве, о людях творчества, их идеях, взглядах, достижениях и целях, мечты…)


Ответить

 
Опции темы Опции просмотра
Старый 22.05.2014 04:51   #221  
Аватар для мафтун
Оффлайн
ТВ
редактор
Сообщений: 522
+ 551  680/326
– 38  11/10

UzbekistanМой мир
Сиз, азизларга катта савол:
Нима учун Уткир Хошимовнинг 70 йиллик юбилей нишонланмади?
Илтимос биладиганлар бир нарса денглар?
Ответить 
"+" от:
Старый 24.05.2014 18:34   #222  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
"Баҳор деворларнинг офтобрўя этакларидан бошланмайди... Баҳор ариқларнинг кунгай соҳилларидан бошланмайди. Баҳор қабристондан бошланади..." ёки "Ойи, мен келдим... Эшитяпсизми ойи, мен яна келдим..." Дард билан битилган сатрлар,улар шунчаки битилган сатрлар эмас, шундай эмасми?
27 май куни севимли ёзувчимиз бизни тарк этганларига бир йил тўлади.
Устоз Ўткир Ҳошимовнинг руҳиятлари баҳор айёми кунларида хонадонимизга янги ва сўнгги китоблари орқали кириб келганлиги биз-барча китобхонларга муборак бўлсин. Китоб нашр этилишидан олдин устоз унинг қўлёзмасини теришни ва кўриб чиқишни ожизадан илтимос қилган эдилар. Қўлёзмаларни ўқияпман-у, қулоқларим остида устознинг овозлари жаранглаяпти. Устоз сўнгги китоб бўлишини сезганлар чоғи китоб устида жадаллик билан иш олиб борар эдик. 2013 йилнинг май ойида нашр этмоқчи эдик. Афсусларким... афсусларким, устозга сўнгги китобларини кўришликни насиби рўз этмади. Дунёнинг ишлари шундай экан.
Таъкидлаш керакки, китобда устознинг ҳаёт дафтарларидаги битиклари, хулосалари, ҳикматлари, тажрибалари битилган.
Аллоҳим устоз Ўткир Ҳошимовнинг охиратларини обод, руҳи покларини шод айласин. Китоб устознинг барча асарлари сингари китобхоннинг қалбига маънавият ёруғлигини олиб кирсин.

Ответить 
Старый 27.05.2014 12:54   #223  
Аватар для albatros
Оффлайн
Сообщений: 881
+ 1,270  830/414
– 4  16/13

UzbekistanОтправить сообщение для albatros с помощью Skype™Facebook
Цитата:
Сообщение от Nigora Umarova Посмотреть сообщение
27 май куни севимли ёзувчимиз бизни тарк этганларига бир йил тўлади.

Аллоҳим устоз Ўткир Ҳошимовнинг охиратларини обод, руҳи покларини шод айласин. Китоб устознинг барча асарлари сингари китобхоннинг қалбига маънавият ёруғлигини олиб кирсин.

Ҳа, халқимизнинг энг буюк ёзувчиларидан бири, Оналар МЕҲРИга энг гўзал сўзлар ила ҳайкал бунёд эта олган, ҳамиша ҳақиқатни асарлари билан китобхонларга ибрат қилиб кўрсатиб келган ёзувчимиздан айрилганимизга бир йил бўлибди. Илоҳим охиратлари обод, руҳлари шод бўлсин. Келинг ҳаммамиз севиб ўқийдиган "Дафтар ҳошиясидаги битиклар"дан ибратномаларни бир эслайлик:


Цитата:
УМР КИТОБИ



Одамзод ҳаётининг ўзи нима? Инсон бу фоний дунёга нега келадию, нега кетади, деган саволни ўйлаб кўрмаган киши кам бўлса керак. Чиндан ҳам инсон ҳаётининг ўзи нима?
Чамамда, Номаи-аъмол, Умр китоби деган гаплар бежиз айтилмаган. Ҳар банданинг умри бир китобга ўхшайди. Умр китобининг дебончаси одам ҳали туғилмасиданоқ Аллоҳнинг ўзи томонидан битиб қўйилади. Дебончанинг номи Пешонага битгани ёки Тақдири азал деб аталса ажаб эмас.
Инсон оқ-қорани таниб, онгли ҳаёт кечира бошлагач, ўзининг Умр китобини ўзи ёзишга киришади. Ҳар куни, ҳар лаҳзада... Синов даври деб аталмиш бу паллада бандаси қилган жамики яхшию ёмон амаллар ёзилиб бораверади. Умр поёнига етган куни китоб ҳам ёпилади.
Сўнг барча ҳисоб-китоб қилинади-да, Хотимани тағин Яратганнинг ўзи битади. Савоби кўп бўлса бир тараф, гуноҳи кўп бўлса...
Умр китобига эзгу саҳифаларни кўпроқ ёзиш ҳар бандага насиб этсин.



КАРВАНСАРОЙ
(Юз ёшли Тўлаган отанинг чойхона гурунги)



Дунё дегани эски карвонсарой. Ҳеч ким унинг кемтигини тўлдиролган эмас. Бу дунёнинг сенга кўрсатган жамики каромати роҳатию азоби, меҳрию қаҳри, вафосию жафоси ҳаммасини йиғиштириб бир пиёла чой ичгулик фурсатда ғам чекишингга арзимайди!

Ўткир ҲОШИМОВ
"Дафтар ҳошиясидаги битиклар"дан
__________________
Qololmas jahon ichra mangu kishi,Faqat qolg'usi yaxshi nomi, ishi.(Sa'diy)
Ответить 
Старый 20.05.2015 18:06   #224  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Цитата:
Қанақа одамни зиёли дейиш керак? Зиёли бўлиш учун нима қилиш лозим? Ҳар куни соқолини қиртишлаб оладиган, "илоннинг оғзидан чиққандек" чиройли кийинадиган, бегона аёлнинг қўлидан ўпиб кўришадиган одам зиёли бўладими? Ёки қайси кийимга қандай бўйинбоғ мос келишини ёддан биладиган, "званний ужин"га борганида ўнг томондаги олтита пичоқ билан чап томондаги олтита санчқининг қай бирини қандай таомга ишлатишни билмай, эсанкираб қолмайдиган, бир эмас, бир нечта тилни биладиган одам зиёлими? Ёинки зиёли бўлиш учун, дейлик мингта китоб ўқиш, академик унвонига эга бўлиш шартми? Албатта, зиёли одам учун бундай фазилатлар керак. Бироқ, назаримда, буларнинг ўзи камлик қилади. аввало инсоннинг қалби ва руҳини ич-ичидан ёритиб, иситиб турадиган нур бўлмоғи лозим. Бу нур иймон ва иймонсизлик, виждон ва виждонсизлик, инсоф ва ноинсофлик, бир сўз билан айтганда, одамийлик ва "ноодамийлик" чегарасини ажратиб турмоғи лозим.


Ўткир Ҳошимов
Ответить 
2 "+" от:
Реклама и уведомления
Старый 20.10.2015 11:38   #225  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Цитата:
Қизил Қарға
(Замонавий Эртак)

Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим-қадим замонда, Қураматоғ томонда бир Саҳоба бўлган экан.
Кунлардан бир кун Саҳоба тоғдан тушиб, ҳассасини дўқиллатиб кетаверибди-кетаверибди, чанқаб ҳолдан тойибди. Бир туп садақайрағоч тагига етганда ҳушидан кетиб йиқилибди.
Бир маҳал қулоғига «қарр-қарр» деган овоз кирибди. Ҳушига келиб кўзини очса, садақайрағоч шохига битта Ола қарға қўниб, нуқул қағиллаётганмиш.
— Худо хайрингни бергур, ақалли яратган эгамга омонатимни топшираётганда ўз ҳолимга қўйсанг-чи,— деб илтижо қилиб Саҳоба.
Шунда Ола қарға тилга кирибди.
— Ҳасса билан қайрағоч тагини чуқуласанг, сув чиқади,— дебди. Саҳоба ҳассасини уч марта ерга урган экан, булоқ очилиб, бир тегирмон сув чиқибди.
— Илоё дунё тургунча яша! — деб дуо қилибди Саҳоба Ола қарғани.
Дуо ижобатга ўтибди. Ола қарға дунё тургунча яшайдиган бўпти. Садақайрағоч атрофида қишлоқ бунйод бўлиб, «Ола қарға» деб ном олибди.
Минг йил ўтибди, икки минг йил ўтибди. Ола қарға ўлмабди-ю, қариб-чуриб кучдан қолибди, кўзи хиралашибди. Аммо қулоғи бинойидек эшитаркан. Эртадан кечгача садақайрағоч шохида мудраб ўтирганча, кўп воқеаларга гувоҳ бўпти.
Кунлардан бирида қишлоқда олатасир отишма бошланиб кетибди. Елкасига милтиқ осгаи одамлар «Ҳуррият! Ҳуррият!» деб ҳайқиришибди. Ҳамма хурсанд, ҳамма бахтиёр бўпти. Орадан ҳеч вақт ўтмай, «йўқолсин золим бойлар!» деган гап чиқибди. Чиндан ҳам яқин-атрофда биттаям бой қолмабди. Қочгани қочиб қутилибди. Қолгани ўзга юртларга бадарға қилинибди... Битта от, битта ҳўкизи борлар ҳам совуқ жойларга ўрмон кесгани жўнатилибди. Ҳамма тенг бўпти: ҳамма бир хил кийинармиш, ҳамма бир вақтда ётиб, бир вақтда турармиш, бир вақтда овқат ермиш... бир хил ўйлармиш...
Хўп ғаройиботлар бўпти. Мойсиз, пиликсиз чироқлар ёнибди, кўприклар қурилибди, йўллар очилибди.
Ёппасига саводсиз халқ қаторасига саводхон бўлибди. Шунақанги саводи чиқибдики, шоир эртадан кечгача ўқиса адо бўлмайдиган қасида ёзибди. «Ким эдик ўтмишда биз, ақли йўқ ва нотовон, бобомиз Маймун эди, момомиз — Ҳамдунахон! Бизни одам айлаганлар омон бўлсин, замон бўлса, замонамдек замон бўлсин!»
Бир куни садақайрағоч соясига бир эмас, иккита машина, учта арава келиб тўхтабди. Ола қарғанинг кўзи хиралашиб қолгани учун қаиси машина «ЭМКА», қайси арава извошлигини ажрата олмабди. Аммо кекса ақлини ишлатиб билибдики, булар жўн одамлар эмас, нақ Донолар кенгаши! Анави — ҳаммадан қаттиқ гапираётгани — кенгаш раиси — Зукко.
Одат шунақа экан: ҳамма нарсани Донолар кенгаши ҳал қиларкан. (Агар Донолар кенгаши қоғоз ёзиб бермаса туғилган бола — туғилмаган, ўлган одам — ўлмаган бўларкан).
— Ҳамма саводхон бўлганидан кейин қишлоқнинг номини ёзиб қўйиш керак-да,— дебди Зукко.— «Ола қарға» дегани-ку, яхши ном. Лекин «Қ» билан «Ғ»ни ҳаммаям тушунавермайди. Келинглар, ўйлашиб кўрайлик: нима қилсак «Ола қарға» ҳаммага тушунарли бўлиши мумкин?
Бир соат ўйлашибди, икки соат ўйлашибди, ҳеч қимдан садо чиқмасмиш. (Одат шунақа экан; одамлар ўйлаган гапини айтмас экан. Айтса, тилини кесиб олишаркан. Бир хилларга шафқат ҳам қилишаркан: тилини кесиб ўтирмай, калласини олиб қўяқолишаркан).
— Тушунарли,— дебди кенгаш раиси Зукко мажлисга якун ясаб.
— Биласизлар, сиз билан биз кичкина одамлармиз. Бу масалани Катталар ҳал қилади. Биз учун Катталар ўйласин...
Икки ҳафтами, уч ҳафтами ўтгач, садақайрағоч соясида тумонат одам тўпланибди, куйлар чалинибди, мактаб болалар бўйнига бўйинбоғ тақиб, саф тортибди.
Зукко йўлнинг чап томонига ўз қўли билан қозиқ қоқиб, «Аля карга» деган ёзувни илиб қўйибди.
— Мана энди ҳаммаси тушунарли бўлди! — дебди тантана билан.
Саф тортган мактаб болалар бараварига: «Бахтли болалигимиз учун халқлар отасига раҳмат», деб бақиришибди. Шоир янги шеърини ўқиб берибди: «Агар сен бўлмасанг, баҳор келмасди. Агар сен бўлмасанг, шамол елмасди... Сен бўлмасанг мен бахтиёр кулмасдим...— Оломон ўртасида турган отасини кўриб қолибди-ю, уёғини минғиллаб ўқибди:— «Сен бўлмасанг, умуман... туғилмасдим». Охирини тантана билан якунлабди: «Бахтимизга улуғ доҳий омон бўлсин, замон бўлса, замонамдек замон бўлсин!»
Шундай қилиб, йўлнинг бир томони «Ола қарға» бўпти, бир томони— «Аля карга».
Орадан ой ўтибди, йил ўтибди... Қишлоқ яшнаб кетибди. Бир томон пахтазор, бир томон жўхоризор... Ўзиям шунақанги зўр жўхори унар эканки, поясидан тўсин ташлаб иморат қурсангиз, юз йил қилт этмай тураркан.
Фалокат қош билан қовоқнинг ўртасида туради, деганлари рост экан. Айни жийда гуллаган кезлари сел кебди-ю, «Ола қарға» деган ёзувни таг-туги билан қўпориб кетибди.
Уч кундан кейин садақайрағоч соясига бир эмас, тўртта машина келиб тўхтабди. (Кўзи баттар хиралашиб қолган Ола қарға пайқамабди: қайси бири «Чайка», қайси бири «Волга». Аммо ҳалиям қулоғи бинойидек эшитаркан. Тағин Донолар кенгаши тўпланганини тушунибди).
— Кўчанинг чап томони-ку, аниқ,— дебди Зукко.— «Аля карга» жойида турибди. Хўш, ўнг томонини нима деймиз?
Ҳамма ўз таклифини айтибди. Биров ундоқ дебди, биров бундоқ. (Одат шунақа экан: ҳамма гапираркану, ҳеч ким ҳеч нимани ўйламас экан).
— Яхши! — дебди Зукко мажлисга якун ясаб.— Бу масалада катталар билан маслаҳатлашамиз. Биласиз, бизлар кичкина одамлармиз.
Орадан бир ойми, икки ойми ўтиб садақайрағоч тагига тумонат одам тўпланибди. Далада жўхори қайираётган мактаб болалар бўйинбоғ тақиб, саф тортибди.
— Қишлоқнинг номи топилди,— дебди Зукко.— «Аля карга» дегани «Олия қарға» дегани экан. Йигирманчи йилларда Олияхон деган хотин ўтмиш сарқитларига қарши қўлида қурол билан жанг қилган экан. Ички душманлар аламига чидолмай унга «қарға» деб лақаб қўйган экан. Биринчи бўлиб колхозга кирибди, азамат! Гектаридан уч юз тцентнердан жўхори ҳосили олибди. Бугун биз унинг номини абадийлаштирамиз!
Бу сафар Шоир жўхорига бағишланган шеърини ўқибди. «Гўшт кабобни емангизлар, қаритади, жўхорининг кабоби дардингизни аритади. Далаларнинг маликаси омон бўлсин, замон бўлса, замонамдек замо бўлсин!»
Шундай қилиб, кўчанинг бир томони «Олия қарға», бир томони «Аля карга» бўпти.
Ўткир ҲОШИМОВ

Ответить 
2 "+" от:
Старый 20.10.2015 11:39   #226  
Аватар для Nigora Umarova
Оффлайн
AKA:Nigorabegim
Сообщений: 8,095
+ 8,360  10,318/4,529
– 37  58/50

UzbekistanОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью ICQОтправить сообщение для Nigora Umarova с помощью Skype™Мой КругFacebook
Цитата:
("Қизил қарға"нинг давоми)
Ой ўтибди, йил ўтибди. Сув омборлари қурилибди, каналлар қазилибди. Ҳаммаёққа ёппасига пахта экиладиган бўпти. Саводсиз Саҳоба ҳассасини чуқилаб, чиқарған булоқ аллақачон қуриб қолганини ҳеч ким ўйлаб ҳам ўтирмабди. Пахтанинг оти «оқ олтин», пахтакорнинг номи «олтин қўллар» бўлибди. Айтишларига қараганда, атлас кўйлак кийган қизлар олтин қўл билан пахта тераркан.
Қизлар пахта тераверибди-тераверибди, охири «оқ олтин»дан шунақанги хирмон уюшибдики, унинг олдида икки минг йилми, уч минг йилми аввал Саҳоба тушиб келган Қураматоғ ҳаммомпишдек гап эмиш.
Мактаб болаларни айтмайсизми? Шунақанги чаққон эканки, отини ёзишдан қўра «олтин» теришни яхши биларкан. «Оқ олтин» ичида юравериб-юравериб, ўзлари ҳам олтинга айланиб кетибди; ранги сап-сариқ эмиш.
«Оқ олтин»ни ҳашоратдан асрайдиган тилсим дорилар топилибди, дорини осмондан сепадиган «пўлат қушлар», «пўлат қуш»ни учирадиган «дала лочинлари» пайдо бўпти.
Фалокат қош билан қовоқ ўртасида туради деганлари рост экан. Бир куни чанқовдан қуриб қолган садақайрағоч шохида мудраб ўтирган Ола қарға туш кўрибди. Гуллаган боғ эмиш, кўм-кўк яйлов эмиш. Яйловда сурув-сурув қўйлар ўтлаб юрганмиш. Ола қарға қўй жунидан полапонларга ин ясаётганмиш. «Эсингни едингми? — деб ўйлабди Ола қарға уйғониб.— Полапонларга бало борми? Қариган чоғингда тухум босишни сенга ким қўйибди! Ана, қанчадан-қанча қарғанисалар тухумини олдириб ташлаяпти! Мабодо туғса ҳам инкубаторга топширяпти. Тўғри-да, тухум кўпайтиришдан нима фойда? Бу томонларда полапонлар кўпайиб кетаверса, қардош юртлардаги тухум қўймайдиган курк қарғахонимларнинг кўнгли ўксимайдими?»
Шу гап хаёлига келиши билан осмонда: «тарр» этган товуш эшитилибди. Иссиқдан мудраб қолган «дала лочини» пахтазор қаэрда тугаганию, қишлоқ қаэрдан бошланганини билолмай нақ садақайрағоч устидан «тилсим» дори сепиб ўтибди. «Пўлат қуш» «тарр» этибди. Ола қарға сўнгги марта «қарр» этибди-ю, попиллаб, ерга қулабди. (Ўзиям бу дунйода яшайвериб чарчаб кетган экан шўрлик).
Эртасига десангиз яна бир фалокат рўй берибди: канал тошибди. Ўзиям шунақанги тошқин бўптики, «Аля карга» деган ёзувни қозиқ-позиғи билан қўпориб кетибди.
Қуриб қолган садақайрағоч тагида тўртта машина тўхтабди. Ола қарға ўлиб кетгани учун қанақа машина келганини ҳеч ким суриштириб ўтирмабди. Лекин Донолар кенгаши мажлисни бошлаб юбораверибди. Кенгаш роса икки ҳафта давом этибди. (Одат шунақа экан: ҳамма гапираркану, ҳеч ким ишламас экан).
— Катталар билан кенгашмасак бўлмайди...— дебди Зукко мажлис якунида.— Ҳар қалай сиз билан биз — кичкина одамлармиз.
Бир ойдан кейин қуриб-қақшаб кетган садақайрағоч тагида тумонат одам тўпланибди.
— Ўртоқлар! — дебди Зукко қоғозга қараб (одат шунақа экан. Одамлар қоғозга қарамаса, гапидан адашиб кетаркан. «Ўртоқлар» деган сўздан тортиб, «Эътиборингиз учун раҳмат» деганигача қоғоздан ўқиб бериларкан).
— Ўртоқлар! — дебди Зукко қоғоздан кўз узмай.— Ҳаммамиз учун ҳурматли Катта айтдиларки, «Олия қарға» дегани «Алая карга» дегани экан, Эътиборингиз учун раҳмат! Қани, бир қарсак бўлсин! — Қарсак чалинибди. Далада қатқалоқ юмшатаётган болалар югуриб келиб, «Алая карга» пойига гулдаста қўйибди.
Шоир янги шеърини ўқиб берибди: «Оқ олтин»ни олтин қўллар яратади, бизнинг олтин оламга нур таратади. Олтин қўлли пахтакорлар омон бўлсин, замон бўлса, замонамдек замон бўлсин!» Шундай қилиб, йўлнинг бир томони «Олия қарға» бўпти, бир томони «Алая карга».
Ой ўтибди, йил ўтибди... Бу сафар офат рўй бермади-ю, авария бўпти. Тўйиб самогон ичиб олган ҳайдовчи (арақ тақиқланган экан) филдек «(КамАЗ» машинасини учириб келиб «Олия қарға»ни чунонам урибдики, машина ғилдираги «баранғ» этиб ёрилиб кетмаганига ўзиям ҳайрон қолибди.
Энди Донолар кенгаши айниқса қизғин ўтибди. (Одат шунақа экан. Хоҳлаган одам хоҳлаган гапини айтаркан. Хоҳлаган одам хоҳлаганча ер тепиниши, ҳуштак чалиши, борингки нотиқни ёқасидан олиб, минбардан тушириб юбориши мумкин экан. Ким энг қаттиқ бақирса, ўша энг катта қаҳрамон бўларкан). Мункиллаб қолган Зукко шўрлик «ўртоқлар» деб гап бошлаши билан ҳуштакбозлик бўлиб кетибди.— Эҳтиросга берилишнинг ҳожати йўқ, ўртоқлар,— дебди Зукко вазминлик билан.— Тўғри, ҳозир «плурализм» замони. Ҳар ким ўз фикрини айтиши мумкин. Шунча йил ишни Катталарга юклаб келдик. Энди ўзимиз ҳам ўйлайлик. Мен ўйладим, кўп ўйладим... Ўйлаб-ўйлаб топдим: «Алая карга» деган — «Қизил қарға» дегани экан. Шундай деб ёзиб қўямиз. Митинг-питингни кераги йўқ. Мактаб болаларини овора қилмай қўя қолайлик. Оила пудратида пахта ягана қилиб, ота-онасига ёрдам беряпти, барака топкурлар. Демак, масала ҳал: «Қизил қарға!» Нима? Овозга қўямиз, дейсизми? Марҳамат!... Демак, бир овоздан!
Зуккодан баттар мункиллаб қолган Шоир каловланиб ўртага чиқибди. Чўнтагидан тўрт букланган қоғоз чиқариб, ҳижжалаб ўқибди. «Қизил Қарға, хўп ажойиб исминг бор, номгинангга монанд гўзал жисминг бор. Қарғагинам қанотларинг омон бўлсин, замон бўлса, замонамдек замон бўлсин».
Бу гал ҳеч ким қарсак чалмабди. Аммо, йўлнинг бир томони «Қизил қарға», бир томони «Алая карга» бўлиб қолаверибди.
Шундоқ қилиб, Ола қарға Қизил қарғага айланибди. Ҳамма муроди мақсадига етибди. Эртакни эшитганлар ҳам мақсадига етсин!

Ўткир ҲОШИМОВ
Ответить 
2 "+" от:
Старый 26.01.2016 15:20   #227  
Аватар для Asror Samad
Оффлайн
нафақахўр
филология фанлари номзоди, ёзувчи
Сообщений: 52
+ 111  50/19
– 0  1/1

Uzbekistan

Бу китобнинг режаси 1974 йилда чизилган эди. У пайтда Ўткир Ҳошимовнинг “Чўл ҳавоси”, “Баҳор қайтмайди”, “Одамлар нима деркин”, “Қалбингга қулоқ сол” қиссалари эл орасида машҳур бўлган, ўнлаб ҳикоялари ва мақолалари билан китобхонларнинг юрагига бирдан кириб борган ёш ёзувчи эди. Дастлабки режа бўйича китобнинг номи “Қиссачиликда янги йўналишнинг қалдирғочи” деб номланган ва унда ёзувчининг қиссаларигина қамраб олиниши керак эди. Ўша йиллари бир қанча саҳифалар қораландию кейин тўхтаб қолди. Орада менга боғлиқ бўлмаган юмушлар ва ташвишлар чиқди. Бора-бора бу ишни унутдим. Унутганимнинг сабаби иккита эди: биринчидан, ўша йиллари Матёқуб Қўшжонов, Озод Шарафиддинов, Умарали Норматов, Наипм Каримов, Абдуғафур Расулов, Иброҳим Ғафуров, Йўлдош Солижонов, Умрзоқ Ўлжабоев, Карим Норматов, Санжар Содиқ, Маҳкам Маҳмудов сингари олиму синчилар гуриллаб ижод қилаётган ва Ўткир Ҳошимов ҳақида салмоқли фикрлари билан матбуотда чиқиб турган эдилар, иккинчидан, адабиётшунослик соҳасидаги тажрибамнинг етишмаслиги, илмий тафаккуримнинг ноқислиги бўлди. Боз устига, адабиётшунослигимиз шунақа гуриллаб ўсиб бердики, менинг унга бўйлашишим амри маҳол эди.
Аммо бир тасодиф бўлиб, яна эски қўлёзмамни топииб олдим; 1993 йилда менга Ўткир Ҳошимовнинг икки жилдли сайланмасига муҳаррирлик қилиш насиб этди. Бу икки жилдликнинг бири, “Нурли дунё“, иккинчиси, “Умр савдоси“ деб аталди. Китоб номларини муҳаррир сифатида мен белгилаган эдим. Сайланмаларнинг мундарижаси мени ўйлатиб қўйди: биринчи жилдга "Дунёнинг ишлари" қиссаси, "Нур борки, соя бор", "Тушда кечган умрлар" романлари, "Урушнинг сўнгги қурбони", "Нимадир бўлди", "Деҳқоннинг бир куни", "Деҳқоннинг бир туни" ҳикоялари; иккинчи жилдга "Икки эшик ораси" романи ва яна 17 та ҳикояси кирган эди. Иккинчи жилдга мен Ўткир Ҳошимовнинг қисқача библиографиясини илова қилдим. Таҳрир иши тугагач, қўлёзмамни аллақайси жузларнинг ичидан топдим. Икки жилдли асарлар режамни кенгайтиришга мажбур қилди: Энди Ўткир Ҳошимов фаолиятини қиссачиликдан ташқари романнавис, ҳикоянавис, публицист сифатида қамраб олиш керак экан. Яна бир қанча саҳифалар ёзилди. Бироқ ёзувчининг ўзига бу ҳақда ҳеч нарса демадим; эплайманми, йўқми, деган андиша бор эди. Андишам тўғри экан; эплолмадим. Чунки ёзганларим адабиётшуносларнинг билдирган фикрларидан ўзга эмас, ҳатто тақлид ҳам бўлиб қолибди. Шунинг учун иш яна жузларнинг ичига тушиб кетди.
Яна йиллар ўтди. “Meriyus” нашриётининг директори Эркин Юсупов ёзувчининг “Тушда кечган умрлар” романини қайта нашр этиш учун менинг маслаҳатимни олди. Сал вақт ўтмай шу нашриёт унинг “Икки эшик ораси” романини лотин алифбоси асосидаги ўзбек имлосида чиқарадиган бўлиб, мен унга масъул муҳаррир бўлдим. Романни ўқир эканман, яна эски дардим сирқиради: энди ёзувчи ижодий фаолиятини ёритмасам кўнглим жойига тушмаслигини тушундим... “Ёритиш” деган сўз ноўринроқ шекилли, чунки унинг ижодини ўзбек адабиётшунослиги қамраб олган. Мен қандай янги гап айтаман? Буни китобни ўқиган китобхон баҳоласа керак. Тажриба учун "Тушда кечган умрлар" романига сўзбоши ёздим. Романга сўзбоши бўлгандан кейин муаллифнинг ўзига кўрсатиш керак эди. Минг андиша билан роман корректурасига қўшиб сўзбошини ҳам жўнатдим. Юрагим така-пука бўлиб жиринглаган телефонга қараб қўяман. Гўшакни олдим. Ўткиржоннинг овози.
– Сўзбоши учун раҳмат, ака, маза қилиб ўқидим.
– Ничевоми ишқилиб? – Бемаъни савол берганимни билиб турибман.
– Э, даже хорошо! – деди у кулиб.
Елкамдан босиб турган тоғ остидан чиқиб олдим. Бу гапдан кейин ғайрат билан ишга киришдим.
2012 йилнинг 26 апрель кунидан бошлаб деярли битиб қолган китоб яна тўхтади. “Meriyus” нашриётидан ёзувчининг бир қатор китоблари қўлёзмалари келди. Булар “Тушда кечган умрлар” романи (лотин имлосида), “Дунёнинг ишлари” қиссаси (лотин имлосида), “Она – битта, Ватан – ягона” публицистик мақолалар тўплами, “Саид Аҳмад сафарда” ҳангомалар тўплами сингари китоблар эди. Бу китобларга китобхонларнинг талаби ва эҳтиёжи кўп бўлганлиги туфайли уларни нашрга тайёрлашга шошилдим ва Ўткир Ҳошимовнинг даъвати билан баҳонада ўша китобларга сўзбоши ва сўнгсўзлар ёздимки, булар мазкур китобнинг мундарижасидан жой олди.
Ёзувчи билан янги китобларнинг реажаларини туза бошладик. Жумладан, “Атрофимиздаги одамлар” номи билан адибнинг кўпчилик китобхонларга маълум бўлмаган ҳикояларини, ҳангомаларини, суҳбатларини бир муқова ичига жойламоқчи эдик. Ундан кейин эса, ёзувчининг 50 йиллик ижодий маҳсулларидан намуналарни тўплаб, китобхонларга тақдим этиш ниятимиз бор эди. Бу ишда бизга ёзувчининг рафиқаси, адабиётшунос Ўлмасхон Ҳошимова ёрдам беришга киришди. Лекин адибнинг хасталиги бу режаларнинг тез амалга ошишига халал берар, бу ҳолатдан адибнинг ўзи ҳам асабийлашар эди...
Эй воҳ! Ўткир Ҳошимовнинг қудаси, адабиётшунос Тамила Ғафуржонова 2013 йилнинг 24 май куни азонлаб мени фожиадан хабардор қилди: хастаҳол Ўткир Ҳошимов юрак хуружидан вафот этибди.
Ответить 
3 "+" от:
Старый 26.01.2016 15:22   #228  
Аватар для Asror Samad
Оффлайн
нафақахўр
филология фанлари номзоди, ёзувчи
Сообщений: 52
+ 111  50/19
– 0  1/1

Uzbekistan
2012 йилнинг февраль ойида бўлса керак, ношир Эркин Юсупов билан унинг зиёратига бордик. Уни узоқ вақт бағримга босиб турдим. Ушоққина бўлиб қолибди. Кайфияти ҳам хаста одамга хос. Анча муддат суҳбатлашиб ўтирдик. У бизни кетказгиси келмасди.
– Ака, сиз билан суҳбатлашиб анча кўнглим ёзилаяпти, яна бироз ўтиринг, – дерди у.
Мен-ку куни бўйи у билан гаплашиб ўтиришга рози эдим, аммо толиқтириб қўйишдан чўчирдим. У билан бирга суратга тушдик. Бу суратни китоб муқовасининг тўртинчи саҳифасида кўришингиз мумкин.
2012 йилнинг куз ойларида мен хасталаниб қолдим: овозим чиқмай қолди. Тўнғич ўғлим Аброр мени касалхонага ётқизди. Менинг улуғ ёшли дўстим, тиббиёт олими Абдукарим Усмонхўжаев касалхонани оёққа турғизди, “Мен дўстимни шу ердан соғлом қилиб олиб чиқиб кетишим керак”, деб туриб олди. Ўзи-ку хаста ётган Ўткиржон эса, кунда, кунора телефон қилади, “Мендан нима ёрдам керак бўлса хижолат тортмасдан айтинг, қўлимдан келганини бажараман”, деб кўнглимни кўтаради. Дўхтирларнинг кучли даво усуллари билан мен-ку тузалдим; овозим очилди. Ўшанда Ўткиржоннинг хурсанд бўлганидан юзи ёришиб кетганлигини, ҳатто юзидаги доғлар ҳам билинмаётганлигини ҳануз кўз олдимдан кетказа олмайман. “Хайрият, Худога шукр”, дерди у нуқул.
2013 йилнинг қиш ойларимиди, Ўткиржон телефон қилиб қолди. Овози ғалати; ҳирқираб чиқаяпти.
– Ака, худди сизга ўхшаб овозим бўғилиб қолаяпти, – деди у.
Бошқа гапини эшитолмадим. Йўқ, у тилдан қолмади. Шивирлаб гапирадиган бўлди. Унинг лаблари қимирлашиданоқ нима демоқчи эканлигини рафиқаси Ўлмасхонгина тушунарди, холос.
Ҳар қандай дарднинг асоси асабга боғлиқ. Ўткиржон болалигидан питрак бўлган экан. Шу питраклиги, безовталиги умрининг охиригача давом этди. У адолатсизликни кўрса тутақиб кетарди. Кимнингдир ишга масъулиятсиз қараганини билса, қаттиқ асабийлашарди, бунисиям майли, ўзининг китоблари у ёқда турсин, бошқа китобларда, газеталарда, журналларда имло хато кўрса ҳам жаҳли чиқар, буларнинг кўзи қаёқда, дерди қалин лаблари титраб. Ана шу асабийлик, питраклик. жонкуярлик, безовталик, эҳтимол, уни дард- га чалинтиргандир. Ўткир Ҳошимов бошқача бўлиши мумкин эмас эди. Чунки у халқ дарди билан яшайдиган виждони пок ёзувчи эди.
Ўткир Ҳошимовнинг дафн маросимига мингдан зиёд одам қатнашди. Унинг улуғ бобоси Абулқосимхон эшоннинг ҳам дафн маросимида бутун Тошкент шаҳри, унинг атрофидаги одамлар, Фарғона, Чимкентлардан етиб келганлар табаррук инсонни сўнгги йўлга кузатган эдилар...
Ответить 
3 "+" от:
Старый 26.01.2016 15:22   #229  
Аватар для Asror Samad
Оффлайн
нафақахўр
филология фанлари номзоди, ёзувчи
Сообщений: 52
+ 111  50/19
– 0  1/1

Uzbekistan
Цитата:
АЖДОДЛАР АБАДИЙЛИГИ

Насли тортар аслига,
Асли тортар наслига.
Мақол

1892 йилнинг баҳори Тошкент ва унинг атрофлари учун оғир келди. Баҳор қурғоқ, куз қурғоқ деб бекорга айтилмас экан. Ўша йили Тошкентдан то Самарқандгача ерлар қуруқшаб қолди. Деҳқоннинг қозони сувга ташланди...
Бунинг устига баҳорнинг ўрталарига келиб шов-шув тарқалди: Афғонистонда ўлат тарқалибди, одамлар қирилаётганмиш... Машҳадда ҳам ўлат бор экан, кўчаларда ўликлар тарашадай қотиб ётганмиш... Бу миш-миш билан бирга ёз ойи бошланишиданоқ Жиззах вилоятида тарқалган вабо Тошкентга ҳам бало-қазодек етиб келди. Вабонинг пайдо бўлиши ва тарқалишига асосий сабаблардан бири, сувнинг булғаниши эди.
1865 йилгача, чор Россиясининг кеккайган генерали Черняев босиб келгунга қадар Анҳор суви зилол эди. Угом сойидан Чирчиққа, Чирчиқдан анҳорга қуйиладиган сув тиниқ, аммо шаҳар ўртасига кириб келган сари лойқаланар, устида хас-хашак пайдо бўларди. Соҳилда 1865 йилдаёқ шитоб билан қурилган Тупроққўрғоннинг бутун ахлати шу анҳор сувига ташланарди. Эски шаҳар аҳолисини назорат қилиб туриш мақсадида тезкорлик билан қурилган бу қалъада, тошкентлик тарихчи Муҳаммад Солиҳнинг «Тарихи жадидаи Тошканд» асарида ёзишича, қалъа ичида 150 ўринли лазарет, зобитлар яшаши учун уйлар, ошхона ва омборлар, аслаҳахона ва ҳоказолар бўлган. Хуллас, Тупроққўрғондан чиққан беҳисоб ахлат сувни бул- ғалантирди. Касаллик нимадан юқади? Аслида, чанг, пашша ва сувдан. Агар сув тоза бўлса, касалликнинг ярми қайтиб кетади. Касал, айниқса, юқумли касаллик ифлос жойга қўнади.
Фасон кийинган, шоп-шалоп таққан ғайридинлар Эски шаҳарда кам кўринардилар. Анҳор сувининг нариги томонида ғиштин, баъзан икки қаватли бинолар жойлашган манзил “город” деб аталар, сув устидаги кўприкнинг бериги томони — аксарияти пастак гуваладан қурилган уйлар ғуж жойлашган манзил эса, Эски шаҳар ҳисобланиб, маҳаллий аҳоли яшарди. У даврда шаҳарнинг чегараси тор, Хадра — сўнгги чегара, нариги томондан Миробод ерлари чегара, бу томони Бешёғоч, у томони Тахтапул...
“Тошкент” энциклопедиясида ёзилишига қараганда, аҳоли ўша йилларда шаҳарда 160-170 мингга етган, аммо бу текширилмаган, аниқланмаган саноқ. Аслида, 83 минг бўлган, ахир инқилоб бошларидаги аҳолининг рўйхатга олиш натижаларига кўра, шаҳарда 103 минг аҳоли бўлган. Лекин ўша 83 минг аҳолидан 85 фоизи ўзбеклар. Қолган қисмини руслар, татарлар, белоруслар, арманилар, яҳудийлар ва бош- қалар ташкил этишар, жуда кам сонли чор ҳукуматининг ҳарбийлари маҳаллий аҳоли устидан ҳукмрон эди.
“Большая советская энциклопедия”, “Ўзбекистон Миллий энциклопедияси”, юқорида эслатганимиз “Тошкент” энциклопедияси сингари нуфузли манбаларда берилган маълумотга кўра, вабо тарқалганининг дастлабки кунлари маъмурият “Туркистон вилоятининг газети”да ахборот берди: Янги шаҳарда 412 та вабо аниқланган, Эски шаҳар қисмида эса 1462 та.
Нима бўлганда ҳам қайсидир тирқишдан кириб келган вабо қирғин бошлади. У пайтдаги табобат ўз даврига яраша бўлганини ҳисобга олсак, ўлатнинг олдини олиш масаласи ойдинлашади.
Вабонинг манбаси Ҳиндистонда — Ганг дарёсининг водийсида эди. Бу ўлатнинг асл манбаи, биринчидан, атроф-муҳитнинг ифлосланиши бўлса, иккинчидан, иқтисодий машаққатлар ҳам омил бўларди. Ганг водийсида ҳар иккови ҳам бор эди; атроф-муҳит булғанган, водий аҳолиси қашшоқликда умр кечирарди. Англия мустамлакачилари халқ аҳволи ҳақида мутлақо ўйламасдилар; натижада Ганг водийсининг одамлари ўз гўшаларидан тирикчилик илинжида атрофга тарқаб кетишди, демакки, касалликни ҳам ўзлари билан атроф-жонибга олиб кетишди. Вабо вирусини турли мамлакатларга олиб кетган гангаликлар Европага, ундан бутун дунёга, жумладан, Бирма (1819), Ява ва Борнео ороллари, Хитой ((1820). Эрон (1821), Япония ҳамда Россияга (1822) тарқатдилар. Россияда бу касалликни дўхтирлар 55 марта қайд этишган экан.
Ответить 
"+" от:
Старый 26.01.2016 15:24   #230  
Аватар для Asror Samad
Оффлайн
нафақахўр
филология фанлари номзоди, ёзувчи
Сообщений: 52
+ 111  50/19
– 0  1/1

Uzbekistan
Цитата:
Дардини берган Худо шифосини ҳам беради, деган гапнинг замирида қадимий юнон афсонаси ётган бўлса ажаб эмас: қадимий юнонларнинг худоси Ра, афсоналарга қараганда, бутун оламни ва одамларни ўзининг кўз ёшларидан яратган экан. Қайсидир оққан ёшлари ширин, қай бири аччиқ. Ширин кўзёшлари одамларга саодат, саломатлик бахш этар, аччиқ кўз ёшларидан бахтсиз, касалманд одамлар пайдо бўлар экан. Ҳар ҳолда, ҳаёт мукаммал эмас, бир кам дунё деганлари шу...
Фиръавннинг ягона ўғли касалванд туғилибди. Бола фақат тўшакда михланиб ётар экан. Унга қараган сари Фиръавннинг юраги эзилиб кетар ва худодан ўғлига саломатлик сўрар экан. Унинг илтижолари Рага етиб борибди. Ра сарой фавворасида нилуфар тимсолида пайдо бўлибди. Фиръавн фаввора атрофида ғамгин ўтирганда, сув ўртасида турган нилуфардан садо эшитилиб: “Ўғлингнинг тирик қолишини истайсанми?” – деб сўрабди. “Ҳа”, – дебди Фиръавн. “Мен жон бериш учун жон оламан, ўғлинг учун кимнинг жонини бағишлайсан?” — деб сўрабди Ра. Фиръавн: “Ана, тахти бахтимни ол, жон керак бўлса, ана учқур отларим бор, садоқатли қулларим сероб, уларни ҳам ола қол, фақат ўғлим соғайса бас”, – дебди. Ра бироз тараддудланиб: “Мен фақат касалнинг энг яқин одамининг жонини талаб қиламан”, – дебди. “Касалнинг энг яқин одами мен ва унинг онаси-ку”, – дебди Фиръавн. Ра индамабди. Фиръавн у кетиб қолмасин, деб хавотирга тушиб, дарҳол: “Менинг жонимни ола қол”, – деб бақириб юборибди. Фиръавннинг юрагидан отилиб чиққан бу нидонинг акс-садоси ҳали саройнинг мармар деворларида тинмасданоқ Ра унинг жонини суғурибди. Фаввора олдида Ранинг жасади ётган пайтда ичкаридан қувончнинг ханноси эшитилибди: “Шаҳзода юриб кетди, шаҳзода рақс тушаяпти, шаҳзода соғу саломат!”
Бу-ку бир афсона. Аммо тарихда жон ўрнига жон олиш воқеаси бўлган. Ўткир Ҳошимов “Дафтар ҳошиясидаги битиклар“да шундай деб ёзган: “Моддиюнчи худосизлар ишонадими, йўқми, уни биламайман-ку, тарихда Худодан тилаб олиш деган удум бўлган. Шоҳ Бобур ўлим тўшагида ётган ўғли Ҳумоюн атрофидан етти марта айланиб, ўғлининг ажалини Аллоҳдан ўзига тилаб олгани кўп манбаларда ёзилган. Чиндан ҳам Ҳумоюн тезда тузалади, соппа-соғ Бобур эса, орадан кўп ўтмай вафот этади...”. Адиб Бобурнинг ўғли дардини сўраб олишини улуғ бобоси Абулқосимхон эшон тақдири билан боғлаган ҳолда изоҳлайди.
Тошкент аҳолисига келган бу ўлатни ким ва ё кимлар сўраб олади? Агар шундай илтижо қиладиган одам топилса, унинг дуоси ижобат бўладими? Ахир, ҳар бир хонадондан кунига аза йиғиси эшитилиб турибди... Боз устига, дардни Худодан тилаб олиш учун беморнинг мураққийб одами, жондоши бўлиши лозим...
Мункиллаб қолган Абулқосимхон эшон ўз маблағига қурдирган мадраса (Санкт-Петербургда 1899 йилда нашр этилган “Мусулмонликка оид материаллар тўплами” китобида ва Н.Остроумовнинг берган хабарига қараганда, Абулқосимхон эшон деҳқонликдан олган даромади ҳисобига 30 минг сўм сарфлаб шу мадрасани қурдирган, ҳозирги тушунчамизда бу жуда катта пул эди) хонақоҳидан тўрт кундан бери чиқмай қўйган. Вабо касофатиданми, жамоат намозлари ҳам патарат топди. Мадрасадаги талабалар таҳсили тўхтатилди, 100 дан зиёд талабанинг деярли ярми бошқа вилоятлар ва ўлкалардан келган эди. Тошкентлик ва шаҳарга яқин жойлардан келган талабалар уй-уйларига тар-қаб кетган бўлсалар ҳам, узоқ-ёвуқдан келганлари мадрасада қолганлар. Рус маъмурлари жамоат йиғиладиган жойларни тақа-тақ ёпдилар. Ҳатто бозорлар ҳам сув қуйгандек. Тунда шақилдоқ чалиб: “Ким у бемаҳалда юрган?” дейдиган қоровулларнинг ҳам овозлари чиқмай қолди. Одам боласи учун нақ эшикнинг олдида турган ўлимнинг кириб келишини кутишдан даҳшатлиси йўқ. Кўчаларда, йўл четларида тарашадай қотган майитлар бунга далил.
Эшон бундан тўрт кунгина олдин, яъни 1892 йилнинг 31 июнь куни жума намозида, Хожа Аҳрор валий масжиди жомесида қавм олдида хутба ўқиб, яқин кунлар ичида Тошкентдан вабо кетишини каромат қилган эди. Бу кароматмиди ёки фидойилик эдими? Кароматдан кўра фидойилик эди!
Абулқосимхон эшоннинг шахсини, таржимаи ҳолини, шажарасини биринчи бўлиб аниқлаган журналист ва олим Сирожиддин Аҳмаднинг “Илоҳий саодат” китобида (2004 йил) шундай ёзилган:
“1892 йил, 7 июнда Тошкентда вабо тарқалгани аниқланди. Рус маъмурияти аҳоли урф-одатига зид равишда ўз тадбирларини ўтказа борди. Чунончи, ўликларни шифокорлар назоратидан ўтказмай кўммаслик буюрилди. Шаҳардаги мавжуд 12 қабристондан атиги биттасига майитни дафн этиш учун рухсат берилди. (Генерал-губернаторлик 4 та янги қабристон очиб беришга ваъда берган бўлса-да, аммо бу ваъдани бажармади — А.С.) Рухсатсиз кўмилган майитларни кавлаб олиб ёндириш, шаҳардан оқиб ўтувчи ариқ ва каналларни дезинфекция қилиш бошланди. Бу амалиётни... кўрмаган халқ орасида турли шов-шув ва шубҳаларнинг пайдо бўлишига замин яратди. Барон Вревский (1889-1898 йиллар мобайнида Туркистон генерал-губернатори — А.С.) “Аҳоли орасида рус дўхтирлари сувни заҳарлаб, беморларни ўлдирмоқдалар, улар беморларга нималарнидир суркаб, ҳидлатмоқдалар ва одамлар тезда ўлмоқдалар”, деган гап тарқалди”, – деб ёзади ҳарбий министрга ёзган хатида... Рус ҳарбийси М.Терентьев “Ўрта Осиёнинг босиб олиниши тарихи” китобида ёзишича, вабодан ўлганларни урф-одат бўйича кўмишга рухсат берилмаган, фирибгар шахслар ёнига миршабни олиб, бошига зобитлик кокардасини кийиб олиб, аҳолининг уйига “пўшт” деб бостириб кириб борганлар. Ота-она, ака-ука қошида фарзандларга, қизларга, умуман, аёлларга беҳаёларча, шармандаларча муомала қилишган. Бу ҳам етмагандек, шаҳар оқсоқоли вазифасини бажарувчи Муҳаммад Ёқуб турли даҳаларда, хусусан, Себзор даҳасида ўликларнинг яширин тарзда кўмилаётгани (Тешикқопқоқ қабристони назарда тутилган, бу қабристон жуда қадимий ҳисобланади — А.С.), дўхтирлар текширишидан беркитиб дафн қилинаётганлиги ҳақида шаҳар бошлиғи Путинцевга хабар бериб турган. Шаҳарга ишлагани келган мардикорларни қийин-қистовга олингани ҳам халқ нафратини қўзғатган”.
Ҳа, босқинчиларнинг зулми кучайгандан кучайди, уларнинг босқини натижасида Туркистон ўлкасининг гўзал табиати ҳам юзига ҳуснбузар тошган ўспириндек бўлиб қолди.
Тошкент халқи ёмғирдан қутулиб қорга учраган эди. Хонлик даврида ҳам солиқлар кўп эди, аммо Россия ярим пошшолиги солиқларни ундан баттар кўпайтирди. Н.Стремауховнинг “Нива” журналининг 1879 йил, 24-сонида босилган “В Средней Азии (из записок русского путешественника)” деган мақоласида айтилишича, халқ уч-тўрт йил ичида 8 миллион 503 минг сўм (рубль) солиқ тўлади. Бу пулга бутун Туркистон халқи бир йил бемалол тирикчилик ўтказиши мумкин эди. 1892 йилгача бу солиқларнинг миқдори кўпайса кўпайдики, камаймади. Бунинг устига, бирдан вабо тарқалди. Бундай ҳолатларда халқ “кўпчиликка келган тўй” дея сабр-қаноатга даъват этади, аммо юқорида таъкидланган ҳақоратомуз тадбирлар косага тушган сўнгги томчи бўлди, Тошкентнинг нуфузли сиймолари Азизёр, Абулқосимхон эшон, бозор оқсоқоли Зиёмуҳаммадлар бошчилигида халқ қўзғалди. Эскижўва, Себзор, Лабзак, Оқмасжид, Қоратегин, Қоратош, Жаркўча, Зангиота ва бошқа маҳаллалардаги аҳоли босқинчиларга қарши кетмон, теша, кирка, паншаха, тошлар билан чиқди. Аммо тиш-тирноғигача қуролланган рус аскарлари олдида рўзғор ва тирикчилик асбобларини кўтариб олган аҳоли нима ҳам қила оларди! Сирдарё генерал-губернатори Гродеков бошчилигидаги рус саллотлари Эски шаҳарга бостириб кирдилар.
Бу аждаҳонинг оғзига қўл тиқиб, халқни қутқарадиган азамат бормиди Тошкентда? Бор эди.
Ответить 
"+" от:
Ответить




Powered by vBulletin® Version 3.8.5
Copyright ©2000 - 2024, Jelsoft Enterprises Ltd. Перевод: zCarot
Advertisement System V2.5 By Branden
OOO «Единый интегратор UZINFOCOM»


Новые 24 часа Кто на форуме Новички Поиск Кабинет Все прочитано Вверх